Инсон бир зум бўлса ҳам ўз ҳолини эсдан чиқармайди, одамларнинг айбу нуқсонларини кўрганида, уни бошқаларга ёймайди. Ўзгалар айбини ошкор қилиш, хусусан, бир мўминдан содир бўлган хатони сўзлаш ғийбат ҳисобланади. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё ва охиратда унинг айбини бекитади” (Имом Муслим ривояти).

“Ўзининг айбини ўйлаб, одамларнинг айбини кўриш (ахтариш)дан тўхтаган кишига саодат бўлсин!” (Абу Нуъайм ривояти).
Уламолар: “Мўминларнинг айбини яширишга ҳаракат қил. Чунки уларнинг айби ошкор бўлиши бошқа мусулмонлар, бутун Ислом аҳли учун яхши эмас. Ишларнинг аълоси айбларни яширишдир», дейишган.
Фузайл ибн Иёз айтади: “Мўмин яширади ва насиҳат қилади, фожир эса ошкор қилади ва айблайди”.
Аммо фисқу фужур ишлар қилаётган кишини кўрганида, уни қайтариш вожиб саналади. Кечиктириш ва сукут дуруст эмас.  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, кўнгли билан ўзгартирсин. Бу эса имоннинг энг заифидир”, деганлар (Муслим ривояти).
Ҳеч ким бир мусулмоннинг айбини пойлаши, ундан айб қидириши тўғри эмас. Аллоҳ таоло: «...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз...» (Ҳужурот, 12), дейди.
Мўмин ўз хато ёки камчилигини яшириши, Аллоҳга тавба қилиши керак. Ким бўлишидан қатъи назар, айбини бировга очмасин. Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, имон келтирган кишилар ўртасида ёмон гаплар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. (Ҳамма нарсани) Аллоҳ билур, сизлар эса билмассиз» (Нур, 19), деб марҳамат қилади. Ислом дини инсонларни фақат яхшиликка тарғиб этади. Бундай йўл динимизнинг нақадар инсонпарварлигига, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг оламларга раҳмат қилиб юборилганларига далилдир.
Ўз айбу нуқсонлари билан машғул бўлган, ўзини-ўзи назорат қила олган кишига одамлар эргашади, оиласи, фарзандлари у билан фахрланади.
Шу билан жамиятда фисқу фасод, иғвогарлик, туҳмат каби ярамас иллатларнинг пайи қирқилади. Одамлар ўртасида самимият, меҳр-муҳаббат ва ишонч барқарор бўлади. Оилалар, қўни-қўшнилар тинч-тотув яшайди.
Хайрулла АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
Хоразм вилоятидаги вакили