Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир...” (Рум, 21).
 
Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким уйланишга қодир бўлиб уйланмаса, у мендан эмас”, дедилар.
Мазкур оят ва  ҳадисда никоҳ билан бир-бирларига ҳалол бўлган эр-хотиннинг ўзаро оила қуришида ҳам савоб борлиги билдирилди. Динимиз ҳар бир жабҳада бўлгани каби, оилавий муносабатлар қандай бўлиши лозимлигининг дақиқ жиҳатларигача аниқ-равшан баён қилиб берган. Жумладан, оилада эркакларнинг қандай ўрин тутиши ҳадиси шариф­да ҳам маълум этилади.
 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эркак ўз аҳлига раҳбар ва қўл остидагиларга масъул. Аёл эрининг уйида раҳбар ва ўз қўл остида­гиларга масъулдир...”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Оила мавзуида баён қилинган ҳадисларда эр ва хотин зиммасидаги бурчлар эътироф этилган. Рўзғор бошлиғи эркак киши ўз оиласида раҳбар бўлиб, барча қўл остидагилар, яъни хотини, фарзандларининг моддий ва маънавий таъминотчиси ҳисоб­ланади. Бу муқаддас даргоҳнинг султони бўлмиш ота оила аъзоларининг барча зарурий эҳтиёжларини қондириши лозим. 
Ўз навбатида, оила дея атал­миш мустаҳкам кўрғоннинг бекаси бўлган аёл эса эри ва фарзандларининг уй юмушларига масъул. Оила салтанатининг вазираси – она рўзғор поки­залиги, хонадон юмушлари, яъни кийим-бошларни тозалаш, таомлар тайёрлаш ва ҳоказо каби ишларга масъулдир. Шу билан бирга, эрининг меҳнату машаққат билан топиб келаётган молу мулкини исроф қилмасдан сарф қилиши ва фарзандларига ҳам буни қадрлашни ўргатиши лозим. Ана шундай ҳамжиҳатлик ва иттифоқлик билан қурилган оила мустаҳкам, тартибли, файзли ва баракали бўлади. 
 
Акбаршоҳ РАСУЛОВ