Сахийлик пайғамбарларнинг хулқ­ларидандир. Сахийларни Аллоҳ таоло яхши кўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. У зот Рамазонда янада саховатли бўлиб кетар, шамолдан ҳам кўп яхшилик қилар эдилар.
Имом Термизий Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рамазонда қилинган садақа садақанинг энг афзалидир”, деб марҳамат қилдилар».
Сахийлик кишининг молу давлати зиёда бўлишига ва фаришталарнинг дуосига сабаб бўлади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Банда тонг оттирганида икки фаришта тушади. Улардан бири: “Ё Аллоҳ, инфоқ қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси: “Ё Аллоҳ, хасис-зиқналарга талафот бергин”, дейди».
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар» (Бақара, 274).
Калбий айтади: «Али ибн Абу Толибнинг тўрт дирҳамдан бошқа пули йўқ эди. Бир дирҳамни кечаси, бирини кундузи, бирини ошкора, бирини эса махфий садақа қилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нима учун бундай қилдинг”, дедилар. Али (розияллоҳи анҳу): “Менга ваъда қилган нарсасини Аллоҳга вожиб этиб қўйишни хоҳладим” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Билгинки, шу нарса сенгадир. Киши мол-давлатини қандай ниятда сарфлашни қасд қилса, ниятига мувофиқ ажр-мукофотга эришади”, дедилар».
Биз барча ишларимизда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига эргашганимиз каби, фазилатларни касб қилишда ҳам у зот (алайҳиссалом)га эргашишимиз лозим. Бинобарин, муборак Рамазон ойида янада саховатли бўлиб, сахийлик сифатини ҳам ўзимизга касб қилайлик.
 
Искандар ХАЛИЛОВ,
Бектемир тумани бош имом-хатиби