Кейинги вақтларда қариндош-уруғ, оға-ини ўртасида меҳр-оқибат камайгандай, назаримда. Баъзиларда кекса ёшли инсонлар, бемор кишилар ҳолидан хабар олиш, яқинларни зиёрат қилиш, ўтган бўлсалар улар ҳақига дуойи хайрлар қилиш каби савобли ишларга эътибор камайгандек гўё.

Аслида, ана шу савобли амаллар дунё ва охиратимиз ободлиги учун зарурлиги, одам одамга ғанимат эканини биламизми?!
 
Имом Ғаззолийнинг “Эй фар­занд!” номли китобида бу ҳадиси шариф келтирила­ди: «Пайғам­баримиз (алайҳис­салом): “Ким бир мўмин биродарини Аллоҳ рози­лиги учун зиёрат қилиб, қўл ушлашиб кўришса, кузда дарахт барглари тўкил­гандек ҳар икковининг гуноҳлари тўкилади”, деганлар». 
 
Яна шу китобда айтилади: “Эй фарзанд! Ўтган кунлар ўтмишда яшаганларники. Эртанги кунлар ҳам бизники эмас. Кун бугунги кундир. Бу кунни қадрлаш, қадрини билиш керак...” Яъни, савоб ишлар, эзгу амаллар қилишга шошилиш, нафсни енгиш, ҳамиша яхшилик тарафида бўлиш лозим.
Қайси кун, қайси вақт бўлишидан қатъи назар, фурсат топиб яқинларимизни зиёрат қилайлик. Зеро, бугун кўриб турган қадрдон чеҳраларни эртага тополмаслигимиз, ҳозир тингланаётган гўзал суҳбатлардан эртага баҳраманд бўлолмаслигимиз мумкин. Ёши улуғ, табаррук инсонларни борлигида қадрлаб, ўтганларини эзгу дуолар, яхши сўзлар билан эслаб яшайлик.
 
Диловар БОЗОРОВА,
Бухоро вилояти Жондор туманидаги 8-мактаб ўқитувчиси