Қарз олишдан ёки қарз беришдан динимиз қайтармайди. Киши мушкулини осон қилиш, унга ёрдам қўлини чўзиш – яхши фазилат. Бироқ ҳамма нарса ният ва амалга боғлиқ. Қарзни қайтариш имконияти бўла туриб бермаган инсон қарз берганга, ўзига зулм қилган бўлади.
Бу ҳаёт барчамиз учун омонат. Шу фурсатларда яхши амалларни қилиб, бўйнимиздаги омо­на­тимиздан тезроқ қутулишимиз керак. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилганлар: “Уч нарсага: маййитни қабрга қўйишга, омонат (қарз)ни қайтариб беришга ва бўйи етган қизни (муносибини топгач) узатишга шошилинглар”.
Қарз масаласи қиёматда ҳисоби оғир бўладиган масалалардан биридир. Чунки бандалар ўртасидаги омонатга кимки хиёнат қилса, ҳақ эгаси кечмагунича, Аллоҳ таоло кечмайди.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига ўғли келиб: “Ота, Рамазон ҳайитида барча тенгқурларим янги кийимлар кийишади. Менга ҳам янги кўйлак олиб берсангиз”, деганида, Халифа Умар: “Болам, мен ҳали нафақамни олганимча йўқ. Бориб хазинабонга айтинг, озгина пул бериб турсин, нафақамни олганимдан сўнг шу пулни қайтарамиз”, дедилар. Шунда ўғиллари бориб хазинабондан илтимос қилсалар, хазинабон: “Майли, мен шу пулни бераман, фақат отангиз Халифа Умар “Мен шу қарзни қайтаргунимча ўлмайман”, деб васиқа (хат) ёзиб берсинлар, ундан кейин менинг олдимга келасиз”, дедилар. Фарзандлари халифага шу гапни етказсалар, Умар ибн Хаттоб: “Болам, мен бундай кафолатни беролмайман”, дедилар.
Бирортамиз эртага нима бўлишини билмаймиз. Шунинг учун кимдандир қарзимиз бўлса, вақтида қайтариб берайлик. Ҳожатимизни чиқарган, керакли пайтда ёрдам берган инсонга зулм қилиб, гуноҳга қолмайлик!
 

Ҳасанжон ОЛИМОВ