Кексаларимизнинг  бундай дуо қилишлари бежиз эмас. Зеро, кенгфеъллик ҳам кишининг адолати ва камолотидан дарак беради. “Кенг феълли” деганда воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқлик ёки беғамлик эмас, балки кишининг ён-атрофдагиларнинг ҳолати, кечинмаларини инсон сифатида тушуниб етиши ва кечиримлилик тушунилади. Бундай фазилат эгаси беҳудага ғазабланиб, дилозорлик қилмайди. Бўлар-бўлмасга ғазаб­ланиб, атрофдагиларга заҳрини сочавериш ҳам дилозорликнинг бир кўринишидир.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига бир киши келиб:  “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот (алайҳиссалом): “Ғазабланма”, дедилар. Уч қайта насиҳат қилишларини сўраганида ҳам шу сўзни такрорладилар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Кўп кўнгилсизликлар ғазабланиш ва жаҳл оқибатида келиб чиқади. Ҳатто танамиздаги турли касалликлар ҳам ана шу асаббузарлик ва тушкунликлардан бош­ланиши, ривожланиши мумкин. Атрофга назар солсак, бир зумлик жаҳл устида қилинган иш, айтилган сўз заҳрини бир умр тотиб яшаётганларни кўрамиз. Шунинг учун ҳам киши ғазабини жиловлай билиши лозим. Жаҳлининг ақлидан ғолиб келишига йўл қўймайдиган, ўзини боса оладиган кишилар маънан кучли, жаҳлига эрк берадиганлар эса руҳан ожиз кишилардир.
Ҳаётий тажрибалардан маълумки, ғазабга ғазаб билан жавоб қайтариш жаҳолатнинг аланга олишига, кўнгилсизлик келиб чиқишига сабаб бўлади: қишлоқда икки қўшни сув талашиб, бири-биридан баланд келиб, тортишув жанжалга айланади. Жаҳл устида бир-бирларининг иззат-нафсларига тегадилар, муштлашадилар. Жанжал шу даражага етадики, ёши катта қўшни кичикроғининг бошига болта билан уриб, унинг ўлимига сабабчи бўлди. Натижада, бир оилада уч норасида етим қолди, иккинчи қўшни эса узоқ йилга қамоққа ҳукм этилди. Бир муддатлик жаҳолат алангаси икки кишининг гулдай ҳаётини маҳв этди, оила аъзоларига ҳам фалокат келтирди.
Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Эй одам фарзанди, ғазаб келганда Мени ёдингга олгилки, Мен ҳам сени ғазабим келганда ёдга олурман” (Ҳадиси қудсий). Бундан англашиладики, ғазабини ичига ютган киши нажот топади.
Аҳмад Яссавий ўз ҳикматларида: “Тупроқ бўлгил, олам сени босиб ўтсин”, деб ёзганлар. Бу байт моҳиятини англамоқ учун инсоннинг азал аждоди Одам Ато туп­роқдан яратилганини эслаш кифоя. Зеро, унинг авлодлари ҳам жаҳолат ва кибрдан йироқ, камтар ва ҳалим, раҳмдил ва кечиримли, оғир ва босиқ бўлмоқликлари жоиздир. Шундагина гўзал амаллар қила олмоғимиз, бандалик шарафига  муносиб ибратли умр кечиришимиз мумкин бўлади, иншоаллоҳ.
 

Ойдин ТЕМИРОВА,
 Фарғона вилояти