Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг раҳ­матига интилиб, умид билан яшаш кераклиги буюрилган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида: «(Эй Муҳаммад), Биз сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз», (Анбиё, 107) дейди. Бошқа ояти каримада эса: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз. Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир», (Аъроф, 56) дейилади.
Ушбу оятлардан ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал хулқ-атворлари, одобу ахлоқлари, сийрат ва шамойиллари, шариатларининг бағрикенглиги, эзгу ва юксак инсоний фазилатлар Аллоҳнинг раҳматидан эканлиги кўриниб турибди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим», деганлар.

Мустақиллигимиз, тинчлик-осойишталигимиз учун беадад шукроналар қилиб, турли бало-офатлардан, тўғри йўлдан адашишлардан, нотинчликлардан паноҳ беришини тилаб, осойишта ҳаётимиз бардавомлигини, мустақиллигимиз янада мустаҳкам бўлишини сўраб, эртаю кеч Аллоҳ таолога умид билан дуолар қилишимиз мақсадга муофиқдир.
Эл-юртнинг хурсандчилигига, “Умринг­дан барака топ”, “Отангга раҳмат”, “Умринг узоқ бўлсин” каби яхши дуоларга эриштирувчи савоб ишлар ҳам бандани Аллоҳнинг раҳматига яқин этади.
Аллоҳга шукр, юртимизда тинчлик бар­қарор, турли ноз-неъматлар бисёр, илм олишга, касб-ҳунарларни пухта эгаллашга барча имкониятлар тўла-тўкис ҳозирланган. Бебаҳо неъмат бўлмиш вақтни ўткинчи ўйин-кулгиларга, енгил-елпи кўнгилхушликларга сарфлаётган айрим ёшларга насиҳат қилиб, ўз вақтида тўғри йўлга солиш бурчимиздир. Фойдали илм олиб, касб-ҳунарни мукаммал ўрганиб, Ватанимиз равнақини турли соҳаларда юксакларга кўтаришга ҳисса қўшсалар, иншоаллоҳ, раҳматга сазовор бўладилар.
Зеро, ота-боболаримиз неча асрлардан буён илмлари, кашфиётлари, ихлосу ҳимматлари, хуллас, эзгу ишлари билан дунё халқларининг таҳсину олқишларини қозониб келишган. Бизлар ҳам ота-боболаримиз изидан бориб, фақат савобли ишларда мусобақа қилсак, улуғларга муносиб авлод бўламиз. Муҳтарам Юртбошимиз таъбирлари билан айтсак: “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак”.
 

Зайнуллохон ҒОЗИЕВ,
Бахмал туманидаги
“Сайид Ҳошимхон” жоме масжиди имом-хатиби