Ҳаётда кўпчилик бой бўлишни истайди ва бу мақсадига етиш учун тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса, динимизда унга ҳеч қандай тақиқ йўқ.
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсанинг қадр-қимматини бойлик билан ўлчаб, фойда кетидан қувиши, ҳатто инсонийликдан ҳам воз кечаётганлари ачинарлидир. Айримлар бойликка эга бўлиш учун ўзининг жигарларини чув туширишдан ҳам тап тортмаяптилар. Улар кимларнингдир маслаҳати билан “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” каби китобларни топиб ўқишади. Энг ёмони, аёлларнинг мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётгани ва одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори даромади жиҳатидан (йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда) наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган ҳаётий тажрибаларга эмас, сафсаталарга ишонишмоқда? Бу саволнинг жавоби сабрсизликдир. Сабрсизлар ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўладилар. Ота-боболаримиз не-не синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган пайтларида ҳам сабр-қаноат қилишган.
Айтайлик, бир хонадонда маълум сабаб билан етишмовчилик бўлса, оила аъзолари бош­қа хонадонга чиқиб кетмайди-ку!
Лекин бойлик ортидан кўп югурган аксарият одамлар юртма-юрт кезиб турмушларида барака, ҳаловат йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган тўғри йўлдан юрмаганлари бош сабабдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ, 2-3).
 Банда хоҳ ўз юртида бўлсин, хоҳ хорижда бўлсин, Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эгалик қилади. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, тинчлик-осо­йишталикда топган насибасини ўз оила аъзолари билан баҳам кўришга нима етсин? Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба, 59).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик унинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукр­чилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим,7).
Бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Жонажон Ватанда, қадрдон одамларга ҳамкор-ҳамфикрликда, ота-­она, фарзандлар билан бирга борига шукр этиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, ўғил-қизларини юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида хизматга шай авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
 

Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.