“Шукр” сўзи луғатда “миннатдорлик”, “розилик” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса яхшилик қилган кишининг амалини мамнунлик билан эътироф этишни шукр дейилади. Шукр уч хил: қалб билан, тил билан ва амал билан бўлади. Инсон ўзининг тириклиги, куч-қуввати, соғ-омонлиги, бойлиги, мансаби ҳамда бошқа барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканига иқрор бўлиши қалб шукри­дир. Аллоҳдан миннатдор бўлиш, унга ҳамду сано айтишни тил шукри дейилади. Тоат-­ибодатда давомли бўлиш, солиҳ амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш амал билан шукр қилишдир. Инсонларнинг ўзаро муносабатидаги шукр яхшилик­ларни ёқлаш, эътироф этиш, эзгу ишларга амалий ёрдам кўрсатиш билан адо этилади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152).
«Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи Зотдир» (Нисо, 147).
«Ҳар бир жон (эгаси) Аллоҳнинг изни билангина муҳлати белгилаб қўйилган битик (ажал) етганда ўлади. Ким дунё савоби (ўлжа)ни ирода қилса, унга ўшандан берурмиз. Ким охират савобини ирода қилса, унга (ҳам) ўшандан берурмиз. Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз» (Оли Имрон, 145).
«Улар (Сулаймонга мисдан у) хоҳлаган нарсаларни – меҳроб­лар (ибодатхоналар), тимсоллар (ҳайкаллар, суратлар), ҳовузлар каби (катта) лаганлар ва (ўчоқларга) ўрнашувчи қозонларни ясаб берурлар. (Эй) Довуд оиласи! (бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир» (Сабаъ, 13).
«Эй Муҳаммад! (Кофирларга) айтинг: “У (Аллоҳ) сизларни пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ, кўзлар ва дилларни яратган Зотдир. (Сизлар эса Аллоҳнинг неъматларига) камдан-кам шукр қилурсиз”» (Мулк, 23).
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ибодатлари ҳақида сўралди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг одатлари кечаларини кўпинча ибодат билан қоим ўтказардилар. Мен у зотга: “Нега ўзингизни қийнайсиз, ахир Аллоҳ таоло аввал ва охир гуноҳлардан маъсум қилган бўлса, дедим. У зот: “Эй Ойша, шукр қилувчилардан бўлмайинми”, деб жавоб бердилар» (Имом  Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кишидан: “Тонггача тунинг қандай ўтди”, деб сўрадилар. У: “Яхши”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч марта сўрадилар. У киши учинчи мартасида: “Яхши. Алҳамдулиллаҳ. Ўзига минг қатла шукр”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мана, сендан кутган жавобим шу эди”, дедилар» (Абдуллоҳ ибн Муборак ривояти).
Шукр ҳам ибодат. Аллоҳнинг неъматларига, шукр бало-қазо, мусибатларга сабр қилиш, “уф” тортмаслик мўминларнинг сифатларидандир.
Бахтиёр ва тинч-осуда ҳаётимиз, бозорларимиздаги тўкин-сочинлик Аллоҳнинг бизга олий неъматидир. Шундай экан, ёшларимизни Ватан корига ярайдиган, соғлом эътиқодли қилиб тарбиялаш ота-оналар ва устоз-мураббийларнинг асосий вазифамиздир.  

Абдулвоҳид ИСОҚОВ,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой”  жоме масжиди имом-хатиби