Кечиримли, камтарин, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда, мўминнинг айбини беркитиш, обрўсини сақлаш, ҳатто жониворларга раҳм-шафқат қилиш мақталган хислатлардан. Ҳадисда: “Обрўли кишиларингизнинг камчиликларини кечиринглар», дейилган. Албатта, айбсиз Парвардигорнинг Ўзидир. Банда ҳар қанча етук, улуғ бўлмасин, баъзида хато ҳам қилади. Айрим ғарб мамлакатларида урф бўлганидек, минглаб яхши ишлар қилган одам бир марта адашса, шу айбини элга ёйиб, жар солиш ярамас одатдир.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ : “Ҳарқ (йиртиқ, тешик, эски) ҳар бир нарсада бўлса, албатта, уни айбли қилади. Албатта, Аллоҳ ҳалимдир, ҳалимликни яхши кўради”, дедилар».

Ҳалимлик дейилганида асосан хушмуомалалик, ҳар бир ишни гўзал ва осон йўл билан амалга ошириш тушунилади. Яъни, қўполлик ҳам қилмайди, ўта заиф ҳолга ҳам тушмайди. Имом Шофиъий : “Баъзи пайтда ўзини билмасликка олиш ҳам оқил инсоннинг иши”, деганлар.

Ойша онамиз ривоят қилади: Расулуллоҳ бундай дедилар: «Эй Ойша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик ҳар нарсада бўлса, уни зийнатлайди ва у нимадан суғуриб олинса, айбли қилади» (Абу Довуд, Имом Муслим).

Баъзида мискин, бечораларни менсимайдиган димоғдор кимсаларнинг қўрс муомаласидан кўнглимиз ранжийди. Аммо содда, камтарин, қўлидан келса, яхшилик қиладиган, қурби етмаса, бошқаларга зарари тегмайдиган инсонлар ҳам орамизда кўп. Ҳазрат Алишер Навоий байтларидан бирида: “Кимки, бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”, деб ёзади. Шоир бу ўринда бир бечорани хурсанд қилишнинг савоби нечоғли улуғ эканини баён этмоқда.

Ибн Убайддан ривоят қилинади: «Отам менга гапириб берди: “Мен Ойша олдига кирмоқчи эдим, онамиз: “Тўхтаб тур! Мен кўйлагимни ямаб олай”, дедилар. Кутиб турдим. Кейин: “Эй мўминларнинг онаси! Агар мен ташқарига чиқиб, бу воқеа ҳақида одамларга айтсам, улар сизни бахил деб ўйлашади”, дедим. У зот: “Билиб қўй, ким эскини киймас экан, янгисини ҳам кия олмайди”, дедилар».

Инсоннинг мулойим, камтар бўлиши гўзал фазилат, қўполлик, дағаллик, манманлик эса катта айбдир. Демак, яхши ишларга шошилганимиз каби гўзал хулқли, чиройли муомалали, камтар ва ҳалим инсон бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент шаҳридаги «Носирхон» жоме масжиди имом-хатиби