Инсон ҳамиша эзгуликка интилади, қалбидаги орзу-истакларни рўёбга чиқаришни истайди. Комил инсон таълимоти моддийликни инкор қилмайди, балки моддий эҳтиёжлар билангина чегараланиб қолмасликни уқтиради. Моддий эҳтиёжлар гирдобида қолган одамда инсоний туйғулар йўқолади, тубанлашув бошланади.

Моддий бойликка ҳаддан ортиқ рағбат қўйиб, унинг таъсирига тушиб қолиш динимизда қаттиқ қораланган. Қалбни моддиятга боғлаган киши ўзликни, маънавий қадриятларни, охиратни унутади. Мазкур ҳолат маънавий ҳалокатнинг асосий сабаб­ларидан бири ҳисобланади. Комил инсоннинг юксак руҳий даражаси ва маънавий баркамоллиги уни моддий бойликларга ружу қўймасликка ундайди. Бундан мақсад – моддий эҳтиёжни меъёр даражасида ушлаш ва эзгуликка йўналтиришдир.
Мавлоно Румий ҳазрат­лари: «Нафс бир отдир, руҳ унинг чавандози. Нафсни жиловлай олсанг, уни бошқариб бўйсундирсанг, демак, сен юксалибсан. Агар у сени бўйсундирса, олиб қочади ва ҳалок этади», дейди. Нафсдан ғолиб келиш учун кучли ақл-идрок, онг ва тафаккур ҳамда юксак маънавиятга эга бўлиш лозим.
Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида бу масала кенг қамровли таҳлил қилиниб, маънавиятнинг инсон ҳаётида бирламчи пойдеворлиги яна бир карра изоҳланган. Инсон маънавий покликка, камолотга интилса, юксак ахлоқий фазилатларга эришади.
Кибр, худбинлик, риё ва дунё молларига ўта берилиш каби иллатлар инсонни ҳалокат жари ёқасига етаклайди.
Инсоннинг эзгу амали унинг юксак aқл-идр­оки, фаҳм-фаросати, қолаверса, тарбиясининг ёрқин намойишидир.
«Охират сафари учун озуқа бўлмайдиган амаллардан асло фойда йўқ»,  дейишган машойих­лар. Демак, оқибати хайрли бўлишини истаган ҳар бир мўмин эзгу амаллар қилиши лозим.
Эзгу амаллар қилувчи одам юрагига ўлим унчалик қўрқув солмайди. Ўзгаларга зулм қилиб, ҳаётда яхшилик нималигини билмай, фақат нафс йўлида бош­қаларга ёмонликлар, ёвуз­лик қилган одам учун ўлим қўрқинчли туюлади. Улар: «Ўлим бу йўқликдир, ҳаётга келдингми, маза қилиб яшашинг керак. Айш-ишрат қилмасанг, бунда маъно борми? Бир кун келиб, барибир ўлиб кетасан! Йўқликка шўнғийсан, кейин ҳеч нарсани ҳис қилмайсан, тамом-вассалом», дейди.
Қуръони каримда: “...Одамлар орасида шундайлари ҳам борки, улар: «Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин», дей­дилар. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир. Яна шундайлари ҳам борки, улар: «Эй Раббимиз, бизга бу дунё­да ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар. Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи Зотдир”дейилади (Бақара, 200–202).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Охирати деб дунёсини, дунёси деб охиратини тарк қилган банда сизларнинг яхшиларингиз эмас. Зеро, иккисининг жамғариши лозим бўлган жиҳати бор. Одамларга боқиманда бўлиб қолманглар (яъни, уларга зинҳор оғирлигингиз тушмасин)” (Ибн Абу Дунё).
Мавлоно Жалолиддин Румий­нинг: «Ичингдаги ичингдадир» асарида: “Одам вафот этганида, унинг руҳи Яратувчининг қошига боради. У Аллоҳнинг ҳузурига эзгу амаллар билан бориши керак. Шу боис, бу фоний дунё синов майдонидир”, дейилади.
Айрим кишилардан охират ҳақида сўралганда, тиллари бийрон, қалблари эса ғофил эканига амин бўласиз. Улар тиллари билан тасдиқлаган нарсани амаллари билан ёлғонга чиқаришади. Ваҳоланки, амалдаги ёлғон тилдаги ёлғондан хавфлироқдир. Имони бутун, бақувват қалбгина Улуғ Зот ҳузурида Ватан, эл-юрт, оила ва давлат олдида жавобгарлигини, ма­с­ъ­улиятини ҳис этади. Бу борада Ислом Каримовнинг «Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда» асари барчамиз учун дастуриламал бўлади.
Ислом таълимотида инсон одатда ўлимдан эмас, балки бу дунёдан имонсиз кетиб қолишидан қўрқиши кераклиги уқтирилган. Шу боис, Исломда имонни бутун қилиб, охиратга доимо тайёргарлик кўриб бориш кераклиги уқтирилади.
Хўш, ўлимга тайёрланиш деганда нималар тушунилади?
Жаноза харажатларини қоп­ловчи «ўлимлик пули» йиғиб, кафанликни тайёрлаб қўйишми ёки қабристоннинг «обрўли ҳудуди»дан алоҳида жой эгаллашми? Қимматбаҳо нефрит ёки қора мармартошдан сағанани олдиндан тайёрлашми? Таъзия маросимларини тўкин-сочин қилиб ўтказишни васият қилиб кетишми? Ёхуд олдиндан тобут ясатиб қўйиш билан абадийлик сафарига тайёрланиладими? Бундай зоҳирий тайёргарлик­ларнинг ҳам қайсидир маънода ўз ўрни бордир. Лекин ботиний, маънавий тайёргарлик-чи? У қандай бўлиши керак?
Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Қабрга тайёргарликсиз кирган одам денгизга кемасиз тушган кишига ўхшайди».
Хусусан, қабр тўғрисида Пайғамбаримиз Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деган эканлар: «Қабр – жаннат боғларидан бир боғ ёки жаҳаннам чоҳларидан бир чоҳдир. Қабр – охират манзилларининг биринчиси. Киши ундан нажот топса, кейинги манзиллари қулайдир. Агар ундан нажот топмаса, кейинги манзиллар янада қийин, шиддатлидир» (Имом Термизий ривояти).
«Ўлимга, охиратга тайёргарлик кўрмоқ – бу ҳаёт мазмунини янада бойитишга интилмоқдир. Охиратга тайёргарлик кўрмоқ – ҳаётнинг ҳар дақиқасини ғанимат билиб, эзгу ишлар қилишга, савоб амалларни кўпайтиришга ва шу асосда маънавий оламни янада юксалтиришга интилишдир», деб уқтиришади алломалар. Ибн Абу Дунё ривоятида бундай келтирилади: «Ўлимни эслаб туринглар, Чунки у гуноҳлардан поклайди, дунёдан тийилишга ундайди».
Дунё севгисини батамом кўнгилдан чиқариб, нафсдан воз кечиш қийин. Лекин ноўрин орзу-ҳавас охиратни унуттиради, меъёрсиз нафс истакларига эргашиш эса кишини тўғри йўлдан адаштиради. Инсон буни фақат комилликка интилиш билангина енгиши мумкин.

Қадриддин ХАЛИЛОВ