Муқаддас динимиз талаб­ларининг мазмун-моҳиятини тўлалигича ҳаёт тарзларига сингдирган аждодларимиздан гўзал урф-одатлар қолган.
Миллатимизнинг азалий урфига кирган ота-онага ҳар қандай ҳолда ҳам яхшилик қилиш, қўни-қўшни ва яқинлар билан чиройли муомалада бўлиш, Аллоҳ азиз ва мукаррам қилиб яратган инсон кўнглини авайлаш каби хислатлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ҳалимлик – мулойимлик сифати билан чамбарчас боғлиқдир.
Ривоят қилинишича, Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Кечиримли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг” (Аъроф, 199), деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Жаброил, бу нима? (яъни буни қандай тушуниш лозим?)”, дедилар. Жаброил (алайҳиссалом): “Билмайман, Аллоҳдан сўрай-чи”,  деди.  Бироз вақт ўтгач келди ва: “Эй Муҳаммад, Раббингиз алоқани узганлар билан алоқа ўрнатишингизни, сизни маҳрум қилганларга яхшиликлардан беришингизни ва сизга зулм қилганларни кечиришингизни буюрмоқда”, деб айтади (Ибн Абу Дунё “Макоримул ахлоқ”да ривоят қилган).
Ҳалимликнинг энг олий чўққиси аслида мана шу.  
Уламолар дейдилар: “Кимки ҳалимлик дарахтини экса, тинчлик ва хотиржамлик мевасини теради”. Англашиладики,  халқимизнинг хотиржамлик ва тинчлигининг гарови ҳам шу  хислат экан.
Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар : “Ҳалимлик — ғазабда ўзини тута билишдир”.
Ҳалимлик – сабрли бўлиш, ғазабни тийиш, ёмонликка ҳам яхшилик билан жавоб беришдир.
Унинг бир неча турлари бор:
1. Жоҳилга раҳмли бўлиш.
Яъни жоҳилга жоҳилона жавоб қайтармасдан, унга мулойим муомалада бўлиш ҳам ҳалимликдир. Шаъбий (розияллоҳу анҳу)ни бир киши ҳақорат қилганида у зот: “Агар мен сен айтгандай бўлсам, Аллоҳ мени кечирсин, агар сен айтгандай бўлмасам, Аллоҳ сени кечирсин”, деган эканлар.
2. Қодир бўлганда кечириш.
Бу ҳам ҳалимликнинг энг гўзал кўринишларидан биридир. Зеро, бу хислат душманни дўстга айлантирадиган кучга эга. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Макка шаҳрига ғолиб бўлиб кирганларида У зотни камситган, ҳақоратлаган ва зулм қилган инсонларнинг барчасига: “Озодсиз, кетаверинглар”, дедилар. Кўрсатилган ушбу марҳамат жуда кўплаб инсонлар қалбида у зотга муҳаббат уйғотди, улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун ҳатто жонларини ҳам фидо қиладиган саҳобаларга айландилар.
3. Гуноҳкору ёмонни ҳам камситмаслик.
Инсоннинг миллати, ирқи, тили ва дини қандай бўлишидан қатъи назар, уни камситиш мумкин эмас. Унинг инсонлик ҳақи, фуқаролик ҳуқуқи бор. Мусъаб ибн Зубайр Ироққа волий бўлганларида, бир куни аскарларга совға беришга киришдилар. Аскарлар ичида Амр ибн Жумруз исмли шахс бўлиб, у Мусъабнинг отаси Зубайр (розияллоҳу анҳу)­ни қотили эди.  Қилмишидан хижолат бўлган Амр волийнинг олдига келмади. Шунда Мусъаб жарчига уни чақиришни буюрди ва шундай деди: “У мени қасос олади, деб ўйлаяптими? Келиб совғасини олиб кетсин”.
Айрим кишилар воқеа-ҳодисаларга кескин баҳо берадилар, бировлар устидан ёки бўлаётган ишни атрофлича ўрганмай, бир томонлама хулоса чиқарадилар. Бу ҳол жамият аъзоларида мутаассиблик кайфиятини пайдо қилиши мумкин.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозимки, ҳалимлик инсонийликни олий даражага кўтарувчи, дўстлик ва аҳилликни, бир ватан осмони остида тинч-тотув ҳаёт кечиришни таъминловчи фазилатдир. Уни турмушимизга татбиқ этсак,  биз учун саломатлик, тараққиёт ва маънавият эшиклари очилади.

Улуғбек ЖИЯНОВ,
Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси