Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларидан бирида:
"Енгиллаштиринглар — қийин қилманг­лар, суюнтиринглар — нафратлантирма­нг­лар", деганлар. Бу — ижтимоий, бош­қача­роқ айтганда, умумбашарий, хоҳ мусул­мон бўлсин, хоҳ номусулмон бўлсин, ҳамма оқил одамлар учун зарурий яшаш қоидаси. Қаерда бу қоидага тескари амал қилинса ёки умуман унга амал қилинмаса, миқёсини ўлчаб бўлмайдиган глобал муаммолар келиб чиқаверади.    
Оддий мисол: бир киши касал бўлса, гарчи дарди оғир бўлса ҳам, шифокор унинг соғайиб кетиши ҳақида бирор ижобий гап айтолмаса ҳам, яқинларидан ҳеч ким унга "Сен тузалмайсан", демайди. Ёки бир кишининг бошига мушкул иш тушиб, ундан чиқишнинг иложини топа олмай қолса, дўстлари: "Хафа бўлманг, ҳали ҳамма ишларингиз юришиб, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз, чунки ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор, фақат ўлимгагина чора йўқ", деб тасалли беришади.
Бу халқаро муносабатларда, сиёсий музокараларда ҳам қатъий амал қилинадиган асосий қоидалардан бири ҳисобланади. Иккита ё учта давлатни яраштиришда, улар орасида муросаю мадорани пайдо қилишда ўша давлатларнинг ўзаро муносабатлари яхшиланишига боис бўладиган хайрли, фойдали жиҳатлар изланади, тинчлик ва тотувлик ўрнатишга ҳаракат қилинади. Натижада, янада каттароқ муаммо келтириши мумкин бўлган йўллар четлаб ўтилади. "Енгиллик ахтарилади, қийинчиликдан қочилади".
Чунки бу қоидани ўйлаб-ўйламасдан гапираверадиган қандайдир бир одам эмас, ҳар бир нарсани мукаммал биладиган Аллоҳ таолонинг илҳоми билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар.
Юқоридаги ҳадиси шарифнинг "...наф­ратлантирманглар" деган қисми ҳақида ҳам бироз тўхталишга тўғри келади. Нафратлантириш ёмон кўрсатиш бўлиб, бу ерда бирор яхши нарсани ёмон кўрсатиб қўймаслик ҳақида гап кетади. Касалга "сиз ўласиз", деган қандай бўлади-ю, "тузалиб кетасиз, ҳали ҳаётда кўп хурсандчиликлар кўрасиз", дегани қандай бўлади; "ҳалол яшаб бўлмайди", деган қаерда-ю, "ҳалол яшаш осон бўлмаса-да, бунинг йўли кўп, лекин ҳаром еб расво бўлгандан кўра, ҳалол топиб роҳатланиб яшаган қанчалар яхши!" деган қаерда; "сендан яхши одам чиқмайди, нима бўлса ҳам, ўрганган мана шу ҳунарингни қилиб юравер", деган яхшими, "фалон-фалон ишларингни ташлаб, яхши одамларга ўхшашга ҳаракат килсанг, ҳаммаси яхши бўлиши аниқ", деган яхшими?
Ён-атрофларимизда жоҳил одамларнинг: "Ўқиганинг билан ким бўлардинг, барибир, пора бермасанг ўқишга ҳам, ишга ҳам киролмайсан", деган нотўғри гаплари сабаб бўлиб, мактабда ёки лицей-коллежда астойдил ўқиб юрган ёшлар орасида ўқишни ташлаб кетаётганлари ҳам йўқ эмас. Бунинг ўрнига: «Ҳозир сенинг вазифанг яхши ўқиш, нимаики фан ўқитилаётган бўлса, келажакда фойда бериши аниқ бўлгани учун ўқитилади, ўзлаштиришга қийналсанг, устозларингдан сўрашга тортинма. Негаки, эрта бир кун "Эҳ, вақтида ўқимаган эканман", деб афсусланганингда кеч бўлади, чунки ўқиб-ўрганай десанг вақт йўқ, вақт топсанг, беминнат ўқитадиган ҳозиргидек устозларингни топа олмайсан», деса нур устига нур бўлмасмиди?
Агар бир кишига доим: "Намоз ўқи, намоз ўқиган бундай бўлади, намоз ўқимаган фалондай бўлади", деб қайта-қайта айтилаверса, у одам насиҳатлардан безор бўлиб: "Э-э, бор-е", деб юборса, бу нафратлантириш бўлади.
Яхшилик тиловчи дўст бунинг ўрнига дўстининг кайфияти яхши вақтини топиб, ўрни келганда намознинг, мусулмончиликнинг фойдалари ҳақида бир-икки эслатиб қўйса ва унинг ҳақига Аллоҳга ғойибона хайрли дуолар қилиб юрса, балки натижа яхшироқ бўлиши мумкин эди.

Раббимқул МУҲАММАДИЕВ, Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжиди имом-хатиби