Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўла олмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?” дедилар. “Ҳа, Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)!” дейишди. “Орангизда саломни ёйинг”, дедилар» (Имом Бухорий).

Бу ҳадиси шарифни анча йиллар аввал – университет таҳсили чоғида ёд олган эдим. У тошга ­ўйилган нақш каби кўнг­лимга муҳрланиб қолди. Айниқса, “Орангизда саломни ёйинг” деган жумла бот-бот тилимда айланади. Унга амал қила-қила қанчадан-қанча нотанишлар танишимга, шунчаки кўз танишлар эса қадрдонимга айланди. Атрофим яхши одамлар билан тўлди. Энг асосийси, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваъда қилганларидек, ўзимнинг кичкинагина дунёимдаги инсонлар билан орамизда ўзаро муҳаб­бат ва оқибат чечаклари унди. Кунлар ўтгани сайин “Ассалому алайкум” калимасининг ҳикматини теранроқ англамоқдаман.
Маълумки, аввал ўтган халқ­ларнинг ҳам ўзига хос саломлашиш услуби бўлган. Бироқ “Ассалому алайкум!” деган муборак каломни Аллоҳ таоло Ўзи Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) воситасида жорий қилган. Мўмин киши бу сўзни айтаркан, нафақат бир одоб намунасини адо этган, балки динимиз кўрсатмасига амал қилган бўлади. Бунинг натижасида ҳам савоб қозонади, ҳам бир кўнгилдан жой олади. Яъни “Ассалому алайкум” калимасини айтган киши қаршисида турган инсонга Аллоҳ таолодан тинчлик, омонлик, осудалик ва баракот сўрайди, дўстининг ҳақига энг чиройли дуо қилган бўлади. Ҳеч қандай манфаатни кўзламай, холис тиланган тилак салом берувчининг ўзига ҳам йўлдош бўлади. Зеро, ҳадиси шарифда бир мусулмон биродарига чин дилдан дуо қилганида фаришталар: “Омин, сенга ҳам унинг мислидек бўлсин”, деб туришлари ҳақида марҳамат қилинади (Имом Муслим ривояти).
Мўмин бир диндошига чиройли ва мукаммал тарзда салом берар экан, ушбу калиманинг ҳаётбахш моҳиятини жамиятга ёйган бўлади. Ҳеч бир инсон ўзига тинчлик ва омонлик тилаган кишига ёмонлик истамайди. Натижада мўминлар орасида самимий дўстлик, бирдамлик ришталари боғланади. Мунтазам саломлашиб юрган кишилар алалоқибат қадрдонларга, бир-бирларининг ҳақига ғойибона яхшилик соғинадиган диндошларга айланадилар. Бу эса ўз навбатида жамиятда соғлом муҳит шаклланишига сабаб бўлади.
Қуръони каримнинг жуда кўп ояти карималарида Аллоҳ таоло бандаларини салом беришга буюради: “Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур, 27), “...Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)...” (Нур, 62).
Имрон ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Ассалому алайкум!” деди. Набий (алайҳиссалом) алик олдилар ва у (салом берган киши) ўтирди. Набий (алайҳиссалом): “Ўнта”, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!” деди. Ул зот унинг саломига алик олгач, у ўтирди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йигирмата”, дедилар. Сўнгра яна бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!” деди. Ул зот алик олдилар ва салом берган киши ўтирди. Шунда Набий (алайҳиссалом): “Ўттизта”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).
Уламоларнинг фикрича, салом қанчалик мукаммал тарзда берилса, қозониладиган ажр ҳам шунга яраша бўлади. Унутмаслик лозим, салом бериш суннат бўлса, алик олиш фарздир: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир” (Нисо, 86). Яъни “Ассалому алайкум!” дейилганда, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!” деб, раҳматуллоҳ сўзи қўшиб салом берилганда эса ундан афзалроқ қилиб “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деб, баракотуҳ сўзи қўшилганда эса “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ ва баракотуҳ ва мағфиратуҳ” тарзида алик олиш ёки саломнинг ўзини қайтариш лозим.
Салом бериш борасидаги биргина ҳадисга амал қилиб, қанчадан-қанча дўстлар орттирдим. Бизга нафи теккани боис ушбу мавзудаги бошқа кўрсатмаларни жамлаб, сизга ҳам илиндик. Уларга амал қилсак, иншоаллоҳ, топадиган ажримиз ва манфаатимиз янада зиёда бўлади.