Мўмин банда тавба билан гуноҳлар кечирилишига асло гумон қилмаслиги керак. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилдилар: “Истиғфор айтган кишининг гуноҳидан асар ҳам қолмайди” (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Гуноҳдан тавба қилувчи гуноҳсиз кишидекдир” дейилган (Ибн Можа ривояти).
Ривоятларда бундай дейилади: «Ҳубайб ибн Муҳаммаднинг судхўрлик билан шуғулланишини ҳамма биларди. Бир куни у кўчада кетаётса, болалар: “Сиз судхўр Ҳубайбсиз”, деб қочишди. Ҳубайб бундан қаттиқ таъсирланди. Ёмон ишларига надомат чекди. Судхўрликдан воз кечиб, бутун молини садақа қилиб юборди. Вақтини илму маърифат ўрганишга бағишлади. Тоат-ибодатда бардавом бўлди.
Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Тасодифан яна ўша болаларнинг олдидан ўтиб қолди. Улар бу сафар: “Хуш келибсиз, эй Абу Муҳаммад”, дея қарши олишди. У қилган ишидан рози бўлди. Аллоҳнинг мақтови зийнат, хорлаши айб», деб шуни айтсалар керак-да.
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат қилиб айтдилар: “Агар ёмонлик қилсанг, кетидан уни ўчирадиган яхшилик қил”» (Имом Термизий ривояти).
Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин” асарида бундай дейилади: “Дард билан бирга даво ҳам бор. Фақат ундан ҳамма ҳам фойдаланмайди. Дард – гуноҳ, давоси истиғфордир”.
Тиловат, тасбеҳ, ҳамд, такбир, таҳлил, тавба, истиғфор, саловот каби зикрлар банданинг маънавий малҳамидир. Улар билан машғул бўлган банданинг қалби ҳамиша пок бўлади.
Машойихлардан бири айтади: “Куну тун зикр дорисини ичиб юрганим боис мен касалликдан йироқман. Тарк этган куним ўзимни хаста ҳис қиламан”.
Хато қилиб, уни тузатган, тавба қилган инсонларнинг олдинги қилмишларини юзига солиш мусулмон одобига зиддир. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам  жоҳилият даврида янглиш йўлда эдилар.  Тавбаю тазаррудан кейин энг афзал мусулмонлардан бирига айландилар. Расулуллоҳ у киши билан доимо фахрланардилар. У зот хулафои рошидинларнинг иккинчиси бўлиб, адолат билан ўн йил мусулмонларга раҳбарлик қилдилар. Юз минглаб кишилар у зот сабаб Ислом динини қабул қилди.
Истиғфор билан тоғдек, денгиздек гуноҳлар ўчади. Энг катта даража – тавба қилганлар даражасидир. Тавба сабаб кўплаб одамлар улуғлик мақомига эришган.
Шундай экан, Аллоҳдан чин ихлос ила гуноҳларимизни кечиришини сўрайлик.

Эркин ҚУДРАТОВ, “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси