Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.
– Ё Расулуллоҳ, сиз беморликдан қаттиқ машаққат чекмоқдасиз-ку?! – дедим.
– Ҳа, шундай. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналаман, – дедилар.
– Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайдир-да?” – дедим.
– Ҳа, худди шундай. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикон кирса ҳам, албатта, Аллоҳ шу сабабли ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкади, – дедилар Пайғамбар (алайҳиссалом) (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "...Сабр зиёдир" деганлар (Имом Байҳақий). Уламолар зиё сўзини бундай таърифлашган: «Зиё жисмдан чиққан ёруғликдир. Қуёш сочган ёруғлик – “зиё”, дейилади. Зиёнинг бошқа жисмда акс этган, яъни ундан қайтган ёруғлик “нур” дейилади. Шунга кўра, Ой Қуёшдан олган ёруғликни қайтаргани учун “ой нури” дейилади, “зиё” эмас». Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган Зотдир» (Юнус, 5).
Зиё нурдан устун туради. Сабр зиёга ўхшатилишининг боиси шуки, инсон сабр воситасида маъсиятлар зулматидан чиқади. Зеро, Аллоҳ таолонинг дини ва тоати йўлидаги қийинчиликларга бардош бериш билан киши қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё бандага турли машаққатларнинг чигал, қоронғи йўлини ёритиб, тўғри йўл танлашига ёрдам беради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабр бобида ҳам биз умматларига энг гўзал ўрнак бўлганлар. У зот қуёшдек зиё таратдилар. Улуғ саҳобийлар, илм излашда машаққатлар чеккан олиму фозиллар сабрнинг аввали ўта аччиқ, кейини лаззат, охири эса икки дунёга татигулик роҳат эканини таъкидлашган.
Аллоҳ таолонинг муҳаббатига, Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га лойиқ уммат бўлишга тиришган барча инсонга Аллоҳ таолонинг сўзлари малҳам ва шижоат бахш этган бўлса, ажаб эмас: «...Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур» (Зумар, 10); «...Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол, 46).
Сабр машаққат ва фидойиликни талаб қилиш билан бирга, инсонни энг юқори даражага чиқарадиган олий фазилат ҳамдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо): "Қуръонда зикр этилган сабр уч турлидир: Аллоҳ таолонинг фарзларига сабр қилиш. Бунга юз даража берилади. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларга сабр қилиш. Бунга олти юз даража берилади. Мусибатнинг аввалида сабр қилиш. Бунга тўққиз юз даража берилади", деганлар. Исломда сабр оқил кишининг руҳий таянчларидан бири бўлиб, қийинчиликларни сабот билан енгиб ўтишида, яхшилик ва ёмонликнинг Аллоҳ таолодан эканини қалбан ҳис қилишида ва бу машаққатлар орасида ҳам яхшиликни излаб топишида туртки бўлади. Сабрсиз киши эса ўзини ҳар томонга уради, оқибатда каттароқ муаммоларга сабабчи бўлиб қолади.
Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳар бир қийинчилик ортидан унинг мукофоти, англашимиз лозим бўлган ҳикматлар келади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ, 6).
Шайх Абдуллоҳ Шибравийнинг “Унвонул баён” китобида бундай ҳикматлар келади: “Муқарраб (Аллоҳнинг хос бандалари) бандалар тавсия қилган, оқиллар зийнати бўлмиш тақво либосини кийиш ва балолар аччиғига ҳеч бир шикоятсиз сабр қилишдир. Сабр эр кишилар одобидир”.
Уламолар сабрга бир неча хил таъриф беришган. “Сабр нафсни ақл ва ша­риат тақозо қилганидек тутиб туриш ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир. Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир. Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзо­ларни ташвишдан тутиб туришдир. Сабр нафс­нинг фозил ахлоқларидан биридир. Сабр Қуръон ва суннат аҳкомларида собит туришдир. Сабр бало етганида, изтироб пайтида қалбнинг гўзал одоб билан, собит туришидир”. Мўминлар учун Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи кифоя қилади деган умиддамиз: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етган­да: “Албатта, биз Ал­лоҳнинг ихтиёрида­миз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара, 155–157).

Меҳмонали ҒУЛОМОВ,
Қамаши туманидаги "Санчиқул" жоме масжиди имом-хатиби