Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон эркак-аёлга илм олишни фарз қилди. Чунки илм талаб қилиш ибодатларнинг энг афзалларидандир. Илм инсонни Аллоҳ таолонинг тоатига, Пайғамбарига эргашишга, У яратган мавжудотларига нисбатан муҳаббатли бўлишга олиб боради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Айтинг (эй Муҳаммад!) Эй Раббим илмимни янада зиёда қилгин" (Тоҳа, 114).

Ибн Ражаб айтадилар: "Фойдали илм икки ишга далолат қилади: Аллоҳни таниб, У яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларни билишга ва У ёмон кўриб, ғазабланадиган амалларни билиб, тарк этишга". Саҳобайи киромлар: "Биринчи бўлиб одамлардан кўтариладиган илм хушуъдир", дейишган.

Шу боис, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аллоҳим! Сендан фойда бермайдиган илмдан, хушуъ қилмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафс­дан, ижобат қилинмайдиган дуодан паноҳ сўрайман!" деб дуо қилган эканлар (Муслим ривояти).

Имом Аҳмад айтдилар: "Фойдали илмнинг аломати, у ўз соҳибига дунёдан, мансаб, шон-шуҳратдан қочишга йўл кўрсатади. Фойдали илм эгаси илмни даъво қилмайди, у билан фахрланмайди, ўзгаларнинг жаҳолатига нисбат бермайди. Ўтган олимларимиз тақводорликлари сабабли камгап бўлганлар".

Инсон илмни одамлар уни олим дейишлари учун ўрганмаслиги керак. Чунки Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай огоҳлантирганлар: "Ким илмни олимлар билан тортишиш учун ёки одамларни ўзига қаратиш учун талаб қилган бўлса, жаҳаннамдан жойини тайёрлаб қўяверсин" (Ибн Можа ривояти).

Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "Бирон кишининг қилаётган амалидан мақсади, уни одамлар "олим" де­йишлари бўлиб қолмасин".

Умар ибн Холда айтади: "Бирон масала ҳақида сўралса, ғамингиз ўша заҳоти сўровчини халос қилиб, кетказиб юбориш бўлмасин. Балки асосий ғамингиз ўзингизни халос қилиш бўлсин".

Тобеинлардан бири Ваҳб ибн Мунаббиҳ бошқа бир тобеин Макҳул (раҳимаҳуллоҳ)га йўллаган мактубида, жумладан, қуйидагилар айтилган: "Сиз илмингизнинг зоҳири билан одамларнинг наздида обрў-эътиборга эга бўлдингиз. Энди сиз илмингизни ботини билан Аллоҳнинг ҳузуридан обрў-эътибор изланг".

Бу дунёда барчамиз толиби илммиз. Ҳеч бўлмаганда ўзини қизиқтирган биттагина саволга жавоб излаган ҳам толиби илм ҳисобланади. Шундай экан, муҳтарам толиби илмлар! Олдин илмни пухта эгаллаб, унга амал қилайлик.

 

Мавлуда СУЛАЙМОНОВА,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти 4-босқич талабаси