Аллоҳ таоло уйланиш – оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканини таъкидлайди: "Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз..." (Раъд, 38).

Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш мақсадида қурилади. Аллоҳ тао­ло айтади: "Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди..." (Наҳл, 72).

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Эркак киши ана шу қўрғоннинг мустаҳкам устуни: "Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир"(Нисо,34). Оила бошлиғи бўлмиш эркакнинг зиммасида муайян вазифалари, ҳам ижтимоий, ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчлари бор.

Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин бир-бирининг айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: "Эй имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечири­нгиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин" (Нисо, 19).

Инсон зоти нуқсондан холи эмас. Шундай экан, ҳар бир инсон ўз жуфтининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавомлиги учун панду насиҳат қилиб туриш буюрилади. Турмушда ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар учрайди. Эр-хотин биргалашиб курашишсагина уларни енгиш осон кечади.

Эркак кишининг бурчи қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлишига йўл қўймасликдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларидан бирида: "Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади", деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримизнинг (алай­ҳиссалом) яна бир ҳадисларида келади: "Яхшилик қилишни, меҳр-шафқат ва меҳрибонликни оилангдан бошла", (Табароний ривояти). Бу пур­ҳикмат сўзлар барча эзгу ва савобли ишларга тиргак бўлади.

Мўътабар фиқҳий манбалардан бири "Дуррул Мухтор" китобининг "Никоҳ фасли"да зикр этилганидек: "Оила шундай сао­датбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди".

Бунинг учун энг олдин эр-хотиндан катта ирода ва сабр талаб этилади. Оиладаги кечирса бўладиган хатоларга кўп ҳам эътибор бермаслик керак. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Бир машҳур ёзувчи айтганидай: "Муҳаббат, бу – бир-бирига тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир".

Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният нас­лини давом эттириш мақсадида қурилади.

 

Розия ШОДИЕВА,

Хадичаи Кубро ўрта махсус Ислом билим юрти мудираси