Тил, сўзлаш салоҳияти Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидандир. У ўзаро муомала-муносабат воситасидир. Одамларни яхшиликка ундовчи, ҳидоятга чорловчи, ахлоққа чақирувчи энг гўзал сўзлар ҳам, аксинча, ўзгаларга озор етказувчи, ғийбат, ёлғон, фисқ­-фужур ва фаҳш маъноларини ифодалаган ёмон сўзлар ҳам ана шу тилдан чиқади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17–18).

Яна бир ояти каримада: “Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, «Мен мусулмонлардандирман», деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!” (Фуссилат, 33),  дейилган.

Муоз (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда: «Набий (алайҳиссалом) тилларига ишора қилиб: “Сен тилингни тий”, дедилар. Шунда мен: “Гапирган нарсаларимиздан ҳам сўраламизми?”, десам, у зот: “... кишиларнинг дўзахга юзтубан ёки кўксилари билан ағдарилишлари фақат тиллари орқали қилган гуноҳлари сабабидандир”, дедилар» (Имом Термизий). Одам тили билан ҳайвондан устун, аммо уни нолойиқ сўзлардан тиймаса, ҳайвондан тубан бўлади.

Тил (сўз) офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат, чақимчилик ва бошқалар тил офатларидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир.

Тил офатларининг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳликка ўтишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ёлғон гувоҳлик Аллоҳга уч маротаба ширк келтиришга тенглаштирилган”, дедилар ва кейин: “Ёлғон сўз – гувоҳликдан узоқ бўлинглар” оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти).

Ёлғон гувоҳлик бериш жамият тинчлигини бузишга, одамларга зулм, жафо етказишга, улар ўртасида адоват ва хусумат туғилишига сабаб бўлади.
Ахлоқимиз талабларига кўра, бир биродарингиз ортидан ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш ғийбат саналади, борди-ю, унда бу камчиликлар бўлмаса, унга нисбатан бўҳтон ҳисоб­ланади.

Хаёлиддин Ҳасаний бундай ёзади: “Бирор киши олдингга келиб, биров ҳақида ғийбат гап­ларни гапирса, ундай одамнинг гапларига ишонма, чунки у сени ҳам бировга ёмонлаб, устингдан ғийбат қилиши мумкин”.

Сўкиш қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир. Аччиқ-тизиқ ва кесатиш сўзлари рост бўлса ҳам, нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдан бошқа нарса эмас.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келишдир”, деганлар (Баззор ривояти).

Имом Заҳабийнинг “Кабоир” номли китобида келтирилишича, бир кишидан: “Одам боласининг қанча айби бор?” деб сўрашибди. У бундай жавоб берган экан: “Бу айбларнинг саноғига етиб бўлмайди. Ўзим санаганимда саккиз мингта чиққан. Аммо бир хислат борки, у барча айбларни бекитиб туради. Бу – тилни тийиш”.
“Ким тилини тийса, нажот топади”, деб бежиз айтилмаган. Тил офатларидан сақланишнинг энг осон йўли турли бемаъни сўзларни сўзлашдан ва  нодон, ахлоқсиз кишилар суҳбатидан узоқроқ юришдир. Аллоҳ таоло Ўзининг зикри ва фойдали сўзлар билан машғул бўлишимизни насиб айласин ва шу тариқа барчамизни   икки дунё саодатига муяссар этсин.

Улуғбек НАИМОВ,
Қизилтепа тумани “Хўжа Ҳасан
Андоқий” жоме масжиди
имом-хатиби