Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:  Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):  «Таҳорат намознинг калитидир. (Намознинг) таҳримаси (бошланиши) такбирдир (яъни, «Аллоҳу акбар» деб бошлаш) таҳлили (тугатилиши) таслим (салом бериш)дир», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Соғлом одам танасининг тахминан 70 фоизи сувдан иборат. Бу кўрсаткич янги туғилган гўдакда бундан-да юқорироқ, яъни тахминан 80 фоизни ташкил этади. 

Инсон эҳтиёжи учун яроқли бўлган чучук сувларни ер ости маъданлари, булоқлар, тоғлардан бошланадиган ариқ, сойлар ва чучук сувли кўллар ташкил этади.
 
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У (сув)ни эслатма олишлари учун (одамлар) ораларида тақсимлаб қўйдик, (аммо) одамларнинг кўплари (неъматларимизга нисбатан) фақат ношукурликни истадилар” (Фурқон, 50), деб неъматнинг шукронасини адо этишга тарғиб қилади.
 
Динимиз бизга шукроналик  билан бирга қадрлашни ўргатади. Бизга ўлчаб берилган бу неъматнинг қадри ҳақида доим ҳам ўйлаймизми? Ё фақат нафсимиз талабига бўйсуниб ёки ўзимизга қулай бўлиши ҳақида ўйлаб, керагидан ортиқ обиҳаётни исроф қилаверамизми? 
 
Ўрта ёшли соғлом одам учун тавсия этилган бир кунлик сув миқдори саккиз пиёла, яъни вазнига қараб 2–2,5 литр. Бунга фақат сув эмас, тановул қилаётган таомлар, мева ва сабзавотлардаги суюқликлар ҳам киради. Ҳар қандай овқатимиз таркибида қандайдир миқдорда суюқлик мужассам ва улар ҳам танани сув билан таъминлайди. Сувни ҳаддан зиёд истеъмол қилиш қондаги нат­рий миқдорини кўпайтириб юборади. Натижада танадаги ортиқча сув мия фаолиятига салбий таъсир қилади. 
 
Шунинг учун сувни ҳам меъёрида истеъмол қилиш тавсия этилади. Уйқуга ётишдан бир-икки соат олдин хона ҳароратида бўлган бир пиёла сут ёки лимон ва асал қўшилган шарбат ичиш фойдали. Ҳар иккиси ҳам тунда ичакларни тозалайди, ором олиб ухлашни таъминлайди, жигарга қувват бахш этади.
 
Муҳаммадали Раҳмонов, 
Зангиота тумани “Раҳбар ота Акбар ўғли” 
жоме масжиди имом-хатиби