“Инсон ҳаётида вақтнинг аҳамияти, моҳияти қандай?” деган саволга жуда кўп доно зотлар ўз фикрларини билдиришган. Жумладан, вақт гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб умр азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар сифатсиз ва тўзиган бўлса, ҳаёт ҳам тубан, мазмунсиз кечади. Вақтнинг хусусияти – у ўтгач, қайтмайди. Вақт умр иморатини қуриш учун инсон сарф қиладиган асосий дастмоя­дир. Қанчалик  кўп бўлса ҳам, қадрига етмасанг, озлик қилади. Агар қадрласанг, баракали бўлади. Инсон ҳаётининг ҳар дақиқа, лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлашининг оқибати хайрлидир, дейилади.
 
Динимизда ҳам вақт улуғ неъматлардан экани таъкидланади. Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, у иккисида кўп инсонлар алданиб қолади. Улар: сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
 
Улуғ аждодларимиз ҳар бир кунни фойдали иш қилишга, гўзал ахлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарфлашга уринар эдилар. Шундай яшаган инсонларнинг бугунлари кечаги кунидан, эртаси бугунидан аъло  бўлади. Зеро, донолар айтганидек, вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади.
Ўтаётган ҳар бир лаҳзадан ибрат олмоғимиз лозим. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни боқийлик сари етаклайди. Доно халқимиз огоҳлантирадики, вақтинг кетди – нақдинг (ёки бахтинг) кетди.
 
Шундай экан, келажагимиз пойдевори бўлган фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига ҳам эътибор қаратиб, билимлари, ахлоқу одобининг юксалишига диққат қилайлик. Токи улар вақтларини турли хил фойдасиз ўйинлар, машғулотлару зарарли одатларга совуришмасин.
 
Чунки бугунги кунимиз ва келажагимизнинг қандай бўлиши фарзандларнинг илму ҳунари, уларни қандай мақсадларга сарфлаши, ақлий ва маънавий салоҳиятларини жамият тараққиётига тўлиқ бағишлаб яшашларига боғлиқдир.
 
Маъруфхон АЛОХОДЖАЕВ,
Наманган шаҳридаги 
“Абдулқодир қори” 
жоме масжиди имом-хатиби