Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ баъзиларингиздан баъзиларингизни ризқда юқори қилиб қўйди...” (Наҳл, 71)
 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик нафснинг тўқлигидадир” (Муттафақун алайҳ), деганлар. Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийси. Бундай хислатли киши бахиллик, ҳасад каби иллатлардан холи бўлади, хотиржам ҳаёт кечиради.
 
Қаноатли киши тақдирига ёзилган ризқига рози бўлиб, ҳар қанча ҳаракат қилганида ҳам, фақат Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлишини англаб етгани учун мол-дунёга ҳирс қўймайди.
 
Бу борада Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт тарзлари барчамиз учун намунадир. Маълумки, у зот ўзлари ва оила аҳллари учун оддий ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр этгандилар. Бунинг сабаби тўкин ҳаёт кечириш имкониятлари йўқлигидан ёки ноиложликдан эмас, балки оддий, камтарона кун кўришни афзал билганларидандир.
 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жуфти ҳалоллари гўё қаноатсизлик қилиб, у зотдан тоқатларидан ортиқ нарсани талаб қилганларида, Аллоҳ таоло “Тахйир” оятини нозил қилди: «Эй Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: “Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда, келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай (талоқ қилай)! Борди-ю, Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир”  (Аҳзоб, 28–29). Шунда улар Аллоҳ ризосини, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга яшашни афзал билиб, охират саодатини ихтиёр этганлар ва борига қаноатда бўлиб ҳаёт кечирганлар.
 
Демак, хотинлар эрларидан, фарзандлар эса ота-оналаридан уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсани талаб қилмасликлари керак. Лекин ҳозирги кунда баъзи қаноатсиз аёллар эрлари қандай бўлмасин, кўп пул топишини талаб қилишади. Натижада эркак киши турли машаққатларга дучор бўлади.
 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) бундай мар­ҳамат қилганлар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши, батаҳқиқ, нажот топибди” (Имом Муслим ривояти).
 
Асрор ҲАБИБУЛЛАЕВ, 
Шўрчи тумани бош имом-хатиби