Солиҳ фарзанд ота-она вафотидан кейин унинг эзгу ишларини давом эттиради, ҳақларига дуо қилиб, истиғфор айтади. Афсуски, баъзилар ота-онаси тирик вақтида қадрига етмайди. Арзимас нарсани деб хафа қилиб, кўнгилларини оғритади. Аммо бир куни ақли кириб, бу ишидан афсусланади, айбини қандай ювишни билмай қийналади. Ана шундай пайтларда улар марҳум ота-онаси ҳаққига кўп-кўп истиғфор айтиб, дуо қилишса ва солиҳ амаллари савобини уларга бағишлашса, жуда ўринли бўлади.  

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: 
 
«Расулуллоҳ (алайҳиссалом): "Бир кишининг жаннатдаги даражаси кўтарилади. У банда: "Бунинг боиси нима?" деб сўраганида: "Фарзандинг айтган истиғфор туфайли (шундай мақомга эришдинг)", дейилади", дедилар» (Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).
 
Ҳаётда кўрамизки, баъзи фарзандлар ота-онасини тирик вақтида унчалик эъзозламаса ҳам, вафот этиб қолишса, маъракаларини дабдаба билан ўтказиб, “уларнинг руҳини шод қилдим”, деб ўйлайди. Маъракани чиройли ўтказиш кифоя қилмайди. Ота-онага фарзанднинг қилаётган ибодати, дуо ва айтган истиғфоридан кўпроқ манфаат етади.
 
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (алайҳиссалом) майит дафн этилганидан кейин қабр бошида туриб: “Биродарингиз ҳаққига истиғфор айтинг, унга сабот тиланг! Чунки у ҳозир сўроқ қилинмоқда”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).
 
Ҳадисда майитга унинг ҳаққига тириклар дуоси наф бериши, қабрда савол-жавоб бўлиши баён этилган. Шу боис, уламолар майит дафн этилганидан кейин унинг ҳаққига истиғфор айтиб туришни мандуб, дейишган. Шунингдек, жанозада қатнашган киши майит ҳаққига истиғфор айтиши, қабр азобидан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилиши керак. Жанозага борганда, “Парвардигоро, гуноҳларини кечир, савол-жавобини енгил қил, қабр азобидан асра!” деб майит ҳаққига дуо қилинади. Ким: “Ё Аллоҳ! Мўмин ва мўминаларнинг гуноҳини кечир, уларни афв эт!” деб дуо қилса, ер юзида қанча мусулмон бўлса, шунча савобга эришади. Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимда-ким мўмин-мўминалар ҳақига истиғфор айтса, Аллоҳ ўша бандага ҳар бир мўмин ва мўмина учун битта савоб ёзади”» (Имом Табароний ривояти).
 
Ривоят қилинишича, Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ! Менинг тилим ўткир. Кўпинча оила аъзоларимга оғирроқ гапириб қўяман. Бу хатоимни тузатишнинг иложи борми?” деди. Шунда у зот: “Сен истиғфор айт­майсанми? Мен бир кеча-кундузда (ёки бир кунда) юз марта истиғфор айтаман”, дедилар (Ибн Можа, Доримий ривояти)
 
Истиғфор айтиш тирикларга ҳам, ўликларга ҳам бирдай фойдалидир. Ҳамиша ўзимизнинг гуноҳларимизни, ота-оналаримиз ва барча мўминларнинг гуноҳларини кечиришини сўраб Яратганга илтижо қилайлик.
 
Зиёвуддин РАҲИМ