Мўминларнинг онаси Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким ўн икки ракат суннат намозларни бар­давом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракат, пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, хуфтондан кейин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат” (Имом Термизий). Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳум)лардан ҳам шу ҳадис ривоят қилинган. Имом Муслим ҳам Умму Ҳабиба (розияллоҳу анҳо)­дан шу ҳадисни ривоят қилган ва ҳадиснинг охирида Умму Ҳабиба онамизнинг: “Шундан буён уларни доим ўқийман”, деганларини ривоят қилган. Кўриниб турибдики, фарзлардан олдинги ва кейинги суннат намозларнинг фазилати жуда улуғ. Шунинг учун имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)­нинг мазҳабларида у намозларга алоҳида аҳамият қаратилган.
Намоз банда қиёматда нажот топишининг асосий омилидир. Уни ўз вақтида ва мукаммал адо этиш фарздир. Имом Насоий ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банданинг қиёматда биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар тўла бўлса, тўлиқ деб ёзилади. Агар унда камчилиги бўлса: “Қаранглар-чи, зое қилган (ўтказиб юборган) фарзларини тўлдирадиган нафлларини топасизми”, дейди. Сўнгра бошқа амаллар ҳам шунга кўра бўлади”, деганлар». Мазҳаббошимиз тутган, аждодларимиз асрлар давомида унга оғишмай амал қилиб келаётган йўл нақадар гўзал! Тасаввур қилиб кўринг, эллик йилдан буён намоз ўқиётган инсоннинг уни тўлдирадиган яна эллик йиллик суннат ибодати бўлади. Аммо, афсуски, бугун баъзи инсонлар суннат намозларига бепарво қарашмоқда. Баъзан гўёки ишлари кўплигини баҳона қилишади. Аммо кўчада дўсти билан соатлаб гаплашишга вақти бор. Ваҳоланки, тўрт ракатли намозга бор-йўғи беш дақиқа кифоя.
Бугун биз учун одатга айланган суннат намозлари, айни ўша ҳадисда фазилати зикр қилинган ибодатлардир. Уларни бардавом ўқиб юрган инсонга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жаннатда уй ваъда қилмоқдалар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларини яхши билган, суннатга мувофиқ ҳаётлари билан бутун дунёга устоз бўлган аждодларимиз бунга аввало ўзлари қаттиқ амал қилишган, қолаверса, бизга ҳам буни таълим бериб кетишган. Балки фазилатларини билмагандирмиз, аммо намоз ўқишни ўрганган илк чоғларимизданоқ фарз намозлари билан бирга мазкур суннатларни ҳам қўшиб ўқишни устозларимиздан таълим олганмиз. Ёшларимиз ҳам илмда, тақвода дунёга устоз бўлган аждодларимизнинг йўлларидан юриб, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилсалар, албатта, икки дунё саодатига етишадилар.
 
Абдулаҳад Собиров,
Имом Бухорий номидаги Тошкент 
ислом институти ўқитувчиси, 
“Новза” жоме масжиди имом ноиби