Тижорат билан шуғулланиш касбларнинг афзалидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тижорат билан шуғулланинглар, чунки ризқнинг 10 эшигидан 9 таси тижоратдадир”, деганлар (Саид ибн Мансур ривояти).
Савдо билан шуғулланадиган ҳар бир мусулмон савдонинг шариатда кўрсатилган йўриқларига амал қилиши лозим. Шунда унинг савдосида файзу барака бўлади. Савдогар бу касби билан Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаши ва оиласининг эҳтиёжини ҳалол йўл билан қондиришни ният қилиши керак. Закот, фитр садақаларни адо этиши, мискинларга ёрдам бериши даркор. Тижоратчи қўлидаги барча нарсаларни Аллоҳнинг мулки, ўзини эса, молни ҳақдорларига етказувчи банда деб билиши лозим. Аллоҳ таоло  бундай марҳамат қилади: «Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).
Савдогар тижоратни ризқ берувчи деб ўйламаслиги керак. Ризқ берувчи ёлғиз Аллоҳ таолодир. Савдогар тижорат илмини билиши фарздир. Токи билимсизлик сабаб ношаръий йўл билан савдо қилмасин. Бу ҳақида ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Бозорларимизда савдо илмини билганлар тижорат қилсин! Акс ҳолда рибога қўл уриб қўяди”, деган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Судхўрлик 73 хил бўлади. Улардан энг кичигининг гуноҳи, киши ўз онаси билан зино қилишига тенгдир” (Имом Ҳоким).
Ҳакимлардан бири бундай дейди: “Савдогар тилини ёлғон, фаҳш сўзлар ва қасам ичишдан сақласин. Қалбини кўзбўямачилик, хиёнат ва ҳасаддан покласин. Намозларни жамоат билан адо қилиб, илм талаб қилиш учун вақт ажратсин ва Аллоҳ таоло розилигини ҳар нарсадан устун қўйсин”.
Савдогар ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланиши лозим. Ҳалол йўл билан мол топиши ва Аллоҳ ризолиги учун сарф қилиши керак. 
Ҳошим Авқос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан эшитдим, у киши бундай дерди: “Ким бирор кийимни ўн дирҳамга харид қилган бўлса-ю, ундан бир дирҳами ҳаромдан топилган бўлса, уни кийиб ўқиган намозларини Аллоҳ таоло қабул қилмайди. Сўнгра икки бармоқларини қулоқларига киргизиб: “Агар бу сўзларни Расулуллоҳдан эшитмаган бўлсам иккала қулоғим кар бўлсин, иккала қулоғим кар бўлсин”, деб икки-уч марта қайтарди» (Имом Аҳмад).
Савдогар ҳийла билан мол сотмаслиги лозим. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га касбларнинг энг афзали қайси экани ҳақида савол берилди: “Банда ўз қўли билан қиладиган иш ва мабрур тижорат”, деб жавоб бердилар» (Имом Ҳоким). “Мабрур тижорат”дан мурод фириб бермаслик, алдамаслик, қалбакилаштирмаслик, тарозидан уриб қолмаслик, ўлчовда уриб қолмасликдир.
Восила ибн Асқаъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким айбли нарсани сотиб, айби борлигидан олувчини хабардор қилмаса, доим Аллоҳнинг ғазабида бўлади ёки фаришталар тўхтовсиз унга лаънат айтадилар”, деяётганларини эшитдим» (Ибн Можа).
Анас (розияллоҳу анҳу): «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг”, дедим. У зот: “Эй Анас, касбингни пок қилгин, ­дуойинг қабул бўлади. Чунки банда оғзига ҳаромдан бир луқма солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас”, дедилар».
Савдогар хуш хулқли бўлиб, барча билан чиройли муомала қилиши лозим. Ҳақни адо қилишга муҳлат сўралганда бериши, тўловга имконияти йўқ камбағал билан савдо қилиб, унинг қарзининг ҳаммасини ёки бир қисмини кечиб юбориши охирати учун захира бўлади.
Савдогар ночор кишининг ночорлигидан фойдаланиб қолишга уринмаслиги лозим. Мизҳар ибн Абдулмалик (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Бир киши Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурига мато олиб келиб, сотмоқчи бўлди. У зот эса баҳосини сўради. У: “Минг дирҳам”, деди. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) эса: “Бу ундан қиммат туради”, деб, охирида саккиз минг дирҳамга сотиб олди».
 
Жамол Мавлонов, 
Бухородаги “Масжиди Калон” 
жоме масжиди имом-хатиби