Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Ким шундай қилса, ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганида: “Ё Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ бандалардан бўлсам!” деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилинглар. Аллоҳ бирор жонни ажали келганида кечга қолдирмас. Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқун, 9-11).

Инсон табиатан ялқов, нафс истаклари, бойликка ҳирс уни ибодатлардан тўсади. Баъзилар ҳой-ҳавас кетидан юриб, ажали келганини ҳам пайқамай қолади. Куч-қувват борида ибодат қилиб, пушаймон бўлмасдан бурун мол-мулкни фақат яхшиликка сарфлаш керак.

Оятдаги “зикр”дан мурод “Исломда буюрилган фарз амаллардир”, дейди Имом Ҳасан.

Имом Заҳҳок: беш вақт намоздир, дейди.

Бошқа баъзи олимлар “зикрдан мурод Қуръон каримни қироат қилиш”, дейишган (“Фатҳул Қадир”).

Имом Заҳҳок айтади: “Қодир бўлиб, ҳаж қилмаган, молидан закот бермаган кимса ўлими олдидан бир муддатга бўлса ҳам (шу амалларни бажариб қолиши учун) дунё ҳаётига қайтишни истайди...”

Банданинг ҳар бир эзгу нияти, қилган яхши амали ажрсиз қолмайди. Ҳатто йўлдаги тош ва тиконларни олиб ташлаш ҳам, яхши сўз, чиройли муомала ҳам, яхшилик қилолмаган кишининг ёмонлик қилмаслиги ҳам садақадир. Суффа аҳлидан бўлган, мол-дунёси йўқ саҳобалар садақа қилишга қурбимиз етмай, савобдан маҳрум қоляпмиз, деб шикоят қилишганида, у зот алайҳиссалом: “Бойлар қилаётган садақаларнинг савобига сизлар тасбеҳ, таҳлил ёки истиғфор айтиш билан етишасизлар”, деганлар.

Фарз, вожиб садақаларнинг ошкора қилинишида бошқаларга ибрат бўлиш ёки унутганларнинг эсига солиб қўйиш каби фойдалар бор. Аммо нафл садақаларни “ўнг қўл берганини чап қўл сезмайдиган” даражада яширин қилиш керак. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Ихтиёрий садақаларни пинҳона қилиш (савоби) ошкора қилинганидан етмиш даража, фарз садақаларни (закот, ушр, қурбонлик, фитр каби) эса ошкора қилиш (савоби) пинҳон тутилганидан кўра йигирма беш марта ортиқдир”.

Инсон ҳалол касб қилган нарсаларидан садақа қилиши лозим. Қўлда имконимиз борида молларимизни эзгу ишларга сарфлайлик. Аллоҳ таоло ҳеч биримизни зиён кўрувчилардан қилмасин.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ