Энг яқин дўсту азиз, ҳамдарду дармондур  китоб,

Ҳамдамим, ҳамсуҳбатиму ҳам қадрдондур  китоб.

Менга илм ўргатувчи устод билимдондур  китоб,

Дил ғуборин аритгучи ғамхору жонондур  китоб,

Танда жоним хизматиға рагдаги қондур  китоб.

Дилшод Барно

 

“Китоб ўқимайдиган инсоннинг суҳбатидан қочинг, зеро, у бемаънидир”, дея Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев айтарли ҳар бир маъруза ва суҳбатларида бизни китобхонликка даъват этаётирлар; халқимизнинг китобга муҳаббати, китобхонликка ихлосини ошириш, миллий ва жаҳон адабиётининг сара асарларини сифатли нашр этиш ва улар кенг китобхонлар оммасига етиб бориши учун ғамхўрлик қилмоқдалар – бу ишларни шукроналик билан эътироф этамиз.  Зеро,маърифат ва маданият китоб мутолааси билан ҳосил бўлади.

Улуғларимизнинг китоб ҳақидаги ўгит ва тавсиялари, насиҳатлари ҳеч қачон қадр-қимматини йўқотмайди. Мавлоно Абдураҳмон Жомий бундай ёзганлар:

Аниси кунжи танҳои китоб аст,

Фурўғи субғи донои китоб аст.

(Яъни, заҳматлар кунжида ҳамроҳ китобдир, донолик субҳида ёғду китобдир).

Бас, китоб илму маърифат ҳосил қилишнинг асосий сабаби ва манбаи бўлгани учун китобни дўст тутиб, эҳтиром қилмоқ биз мусулмонларга лозим ҳам вожибдир. Шунинг учун ҳар бир оқил ва маърифатли кишининг уйида китоб жавони бўлмоғи зарур.

Улуғларимиз ҳатто устига қалам қўйишни ҳам китобга нисбатан ҳурматсизлик деб билганлар. Ерда ётган қоғоз парчасини ҳам баланд, тоза жойга олиб қўйганлар. Зеро, улар илму маърифатнинг манбаи бўлган Қуръони кариму ҳадислар, олиму уламоларнинг асарлари бизгача етиб келишининг асосий сабаби, воситасини қоғоз деб билганлар. Ҳақиқатан ҳам шундайдир. Ривоятларга кўра, ҳазрат Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) қоғозфурушларнинг растасидан бетаҳорат ўтмас эканлар.

“Салоти Масъудий”да ёзиладики, Қуръон бор хонада ухлаш дуруст эмас.Агар бошқа хона бўлмаса, Қуръонни бош томонга, баландга қўймоқ лозим. Фақиҳ Абу Лайс (раҳимаҳуллоҳ): «Агар карвоннинг охиридаги туя хуржунида Қуръон бўлса, карвоннинг олдида кетаётган туянинг ипидан бетаҳорат ушламасман", деб марҳамат қилганлар.

Ҳикоя қиладиларки, улуғлардан бири меҳмонга борибди. Уй эгаси ярим кечада хабар олгани кирибди-ю,меҳмоннинг ухламасдан ўтирганини кўриб, бунингсабабини сўрабди. “Бу хонада Қуръони карим бор экан, шунинг учун оёғимни чўзиб ухлашни ўзимга раво кўрмадим”, деган жавобни эшитган мезбон Қуръонни бошқа хонага ўтказмоқчи бўлганида, меҳмон:“Йўқ, менинг ухлашим учун Қуръони каримни безовта қилманг”, деб рухсат бермаган экан. Аммо аҳли илм ва уламоларнинг китоб, Куръонга эҳтиёжлари кўплиги учун, уларни махсус токчаларга ёки кўкракдан баландроқ жойга қўйиб ухлашга рухсат берилган.

Китобни тартиб билан қўймоқ ҳам эҳтиромдандир. Яъни, китоблар устма-уст ва ўнг томонини юқорига қаратиб қўйилади. Энг юқорида Қуръони карим, тафсир, ҳадис, кейин фиқҳ, сўнг бошқа китоблар тартиб билан қўйилади. Аждодларимиз ҳар бир ҳарф ва сатр орқасида муаллиф ва мусаннифнингзаҳмату машаққатини унутмаганлар.

Минг афсус, баъзида китоб ва қоғозга муҳаббат, эҳтиромни унутиб қўйганидан айримларнингояту ҳадислар, улуғларимизнинг ном ва ҳикматлари ёзилган китоблар, газета ва журналларни оёқ остига ташлаганини кўрамиз. Бундай ҳол китобларга, уларнинг муаллифлари, ноширларига, муҳими, қалбларга зиё бўлгувчи илму маърифатга ҳурматсизлик, беадабликдир. Баъзан бозорларда нодир китобларнинг варақларини йиртиб, қимматсиз нарсаларни ўраб сотаётганларини ҳам кўрамиз. Бундай ҳолатларга ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз керак. Фикҳ китобларимизда:“Ал-фанну хайрун куллуҳу”, яъни “Илмнинг барчаси ҳам яхшидир” дейилган. Муқаддас Ислом таълимотида илм хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин, унга рағбатланишга буюрилган. Зеро,илмнинг бу икки йўналишини бир қушнинг икки қанотидек билинган. Ҳар иккиси ҳам инсон ҳаётининг, маънавиятининг юксалиши, фаровон бўлишига хизмат қилади. Шунинг учун варақ, китоб қайси ҳарфда ва қайси тилда ёзилган бўлмасин, у ҳурматга лойиқдир(изоҳ: бекор бўлиб қолган варақ, қоғозларни жам қилиб куйдирилади ва кулини бир четга кўмилади).

Китоб, қоғозни қадрлаш, эҳтиётлаш илмни эҳтиром қилмоқдир. Илмни ҳурмат қилган киши ота-боболари, хусусан, Аллоҳ таолони, Пайғамбаримиз(соллалоҳу алайҳи ва саллам)ни эҳтиром қилган бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло илмни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ғайб хазинасидан туширгандир.Мавлоно Жалодиддин Румий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам ёзади:

Бувад занжир бо занжир пайванд,

Сари занжир дар дасти Худованд.

Яъни,илм занжир каби бир-бирига улангандир, занжирнинг боши эса Аллоҳ таолоҳузуридадир. Ана шу нурли занжир меҳру муҳаббатли, эҳтиромли қалбларимизга пайванд бўлиб, икки дунё ҳаётимизни ёритсин.

Фазлиддин КАРОМАТУЛЛОҲ,

Сариосиё туманидаги

“Ҳожа Алоуддин Аттор” жоме

масжиди имом-хатиби