Одамлар орасида: “Ҳаддингдан ошма, чегарадан чиқма” деган сўзлар тез-тез учраб туради. Албатта, бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини кўпчилигимиз биламиз.

Ҳазрат Алишер Навоий “Лисонут тайр” (“Қуш тили”) асарида дейди:

Кулди ким, ўз ҳаддидин ўлди йироқ,

Йиғламоқ ондин эрур кўп яхшироқ.

Яъни, инсон ҳаддидан ошиб ўзини йўқотиб кулганидан кўра, йиғлагани яхшироқдир.

Муқаддас динимизда меъёр масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Фақиҳлар шаръий масалаларни ибодат (намоз, рўза, закот) ва муомалот (савдо, таълим-тарбия ва ижтимоий масалалар) каби туркумларга ажратиб баён қилинган. Ушбу икки туркум масалаларда ҳам меъёрга алоҳида аҳамият қаратилади. Масалан, бир киши савоб умидида узлуксиз нафл рўза тутса, суннатга хилоф қилган ва ҳаддидан ошган ҳисобланади. Ёки шаръий узрсиз, Рамазон рўзасини тутмаса ҳам Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегарадан чиққан бўлади.

Аслида меъёр мазмун-моҳиятига кўра барча ибодатлар ва мулоқотлар учун умумий андоза десак, янглишмаймиз. Тарихда меъёрни унутиш, ўз ҳаддини билмаслик башарият бошига улкан мусибатлар, катта муаммолар келтирган. Фикримизча, бугун ҳам шундай бўлаётгани сир эмас.

Ҳозирги кунда қатор мамлакатларда кузатилаётган муаммолар, жумладан, ахлоқсизлик, гиёҳвандлик, ёшлар орасида жиноятчиликнинг ортиб боришида бош омил меъёр асосларини бузиш, буткул унутиш, тан олмаслик оқибатида юзага келмоқда. Бузғунчи тоифалар “жинсий эркинлик”, “шахс эркинлиги” каби шиорлар остида кўнглига келган бемаънигарчиликни, разолатни амалга ошираверишади. Натижа эса ҳамма учун машъум бўлиши турган гап. Хулоса шуки, ибодат, муомалот ва урф-одатларда ҳам меъёрни билиш ва унга риоя қилиш жуда муҳимдир.

Тоҳир ВОҲИДОВ,

Тошкентдаги “Масжидул хайр”

жомеи имом-хатиби