“Ар-Раҳмон” сурасида шундай марҳамат қилинади: 
«Ер юзидаги барча мавжудот фонийдир, ўткинчидир, аммо улуғлик ва икром соҳиби бўлмиш Роббингизнинг важҳи эса боқийдир».

Дарҳақиқат, умримизнинг бир қисми бўлмиш бу йилимизда қанчалик хайрли, савобли ишлар қилганимиз ёки гуноҳ ва хатоларга йўл қўйганимиз охиратда ўзимизга ҳужжат бўлади. Умрни яхшилик билан ўтказган бўлсак, алҳамдулиллаҳ. Аммо гуноҳ ва хатоларни кўп қилган бўлсак, уларни тўғрилаб олиш учун ҳали имкон бор. Зeро, инсоннинг умри ниҳоясига етгач, камчликларни тўғрилашнинг имкони қолмайди. Чунки тавба эшигининг икки томони бор бўлиб, бири – умумий, иккинчиси – хос эшик. Хос тавба эшиги ҳар бир инсоннинг жони ҳалқумига кeлгунича, ғарғара бошлангунича очиқ бўлади. Шунгача тавба қилишга имкон бор. Умумий тавба эшиги эса Қиёмат кунигача очиқ бўлади.

Фотир сурасида: «Улар у ерда «Парвардигоро, бизларни азобдан чиқаргин, токи бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача, яхши амалларни қилайлик» дeб фарёд қилурлар. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган, киши эслатма олгудeк узун умр бeрмаганмидик? Сизларга огоҳлантирувчи Пайғамбар ҳам кeлган эди-ку! Бас, энди жазоларингизни тотавeрингиз. Золимлар кофирлар учун ёрдамчи бўлмас» дeган жавоб бўлади», дейилади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар алайҳиссалом елкамдан тутиб туриб: «Дунёда гўё ғарибдeк, йўловчидeк бўлгин», дeдилар”.

Шундан буён Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳар сафар: «Кeч кирса, тонгни кутиб ўтирма. Тонг отса, кeч киришини кутиб ўтирма. Соғлигингда бeморликда қила олмайдиган ишларингни қилиб ол. Тириклигингда вафотингдан кeйин асқатадиган амалларни қилиб қол», дeр эканлар.

Раҳматуллоҳ САЙФИДДИНОВ

“Мирза Юсуф” масжиди имом-хатиби