Абдураззоқ ЮНУСОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари

 

Аллоҳ таоло Рамазони шариф ойида кишиларни ҳидоят сари бошловчи, инсониятга бахт-саодат йўлларини кўрсатувчи Қуръони каримни нозил қилган. Шунинг учун бу кунларни кечалари тоат ва ибодатга қоим, кундузлари соим-рўзадор бўлиш билан ўтказамиз.

Рўза Қуръон оятлари, Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадислари ва ижмои уммат билан собит бўлгандир. Маълумки, рўзанинг луғавий маъноси "мутлақ ўзини ти­йиш" бўлиб, рўзадор деб шариатда балоғат ёшига етган кишининг Аллоҳ таоло розилигини топиш умидида саҳардан то қуёш ботгунча еб-ичишдан ўзини тийиб туришига айтилади. Унинг фарз, ихтиёрий нафл, каффорат, назр, қурбонлик ўрнига тутиладиган рўза каби бир неча турлари мавжуд.

Рамазон рўзаси эса, Қуръон ва ҳадис орқали мусулмонларга фарз бўлган амаллардандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай баён қилади: "Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз" (Бақара, 183).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): "Ким Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади", дедилар.

Қуръони каримда: "Аллоҳ ҳеч бир жонга (унинг) тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди..." (Бақара, 286) дейилади. Унинг мар­ҳамати ва ҳикмати билан бу ибодат ҳам қудрати етган кишиларгагина фарз қилинди. Агар бир киши хасталигининг кучайиши ёки чўзилишидан қўрқса, сафарда бўлса, ҳомиладор ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса ёки бир киши табаррук ёшга етган бўлиб, у ҳолдан тойса ва рўза тутишга қурби етмаса, бундай кишилар рўза тутмасликлари жоиз. Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг, қолдирган кунларининг қазосини тутадилар. Кекса отахон ва онахонларимиз тузалмас касаллик сабабидан рўза тута олмасалар, ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар.

Барча ибодатлар каби рўзанинг ҳам ўзига яраша шарт-шароитлари, мустаҳаб ва макруҳлари бор. Жумладан, саҳарликни таъхир қилиш (тонг отишига тақаб тўхтатиш), ифторликни эса, аксинча, тез (яъни, қуёш ботиши билан) қилиш мус­таҳабдир. Рўзадор фақат оч-ташна қолиши билан Аллоҳ тао­лога тақво қилган бўлмайди, балки барча ишда ўта ҳушёр, бошқалар билан муомалада мулойим бўлиши, ўз нафсига ҳокимлик қилиши лозим. Шунингдек, кам таъминланган оилалар, етим-есирлар, беморларга ўзининг қалб қўри, меҳр тафти ила ғамхўрлик кўрсатиши даркор.

Рўзанинг мукаммал бўлиши учун рўзадор ёлғон, иғво ва бўҳтон сўзлар билан ўзгалар дилини оғритиш каби иллатлардан сақланиши лозим. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): "Қайси бир рўзадор ёлғон гапириш ва унга амал қилиш каби гуноҳларини тарк этмаса, ундай кишининг фақат еб-ичишини тарк этиб юришига Аллоҳ муҳтож эмас", деб марҳамат қилдилар.

Рамазони шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар мағфират этилиб, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топади, қилинган хайрли ишлар савоби бир неча бор зиёда қилинган ҳолда қабул қилинади, иншааллоҳ.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): "Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилган бўлар эдилар", деб марҳамат қилганлар.

Бу мағфират ойида меҳр-мурувват, саховат, олийҳимматлик кўпроқ қилинади, гина-кудуратли инсонлар ҳам бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг "Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида"ги Фатвосида таъкидланганидек, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ақлан ва шаръан қораланган.

Қуръони каримнинг Исро сурасида: "Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди" (Исро, 26–67) дейилади.

Демак, силаи раҳм ва турли хайр-эҳсонларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ман этилган.

Шунингдек, Қуръони каримда хайр-эҳсонда ўртаҳол бўлганлар Аллоҳнинг суюкли бандалари экани таъкидланади: "Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир" (Фурқон, 67).

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: "Аллоҳнинг ноз-неъматларидан еб-ичинглар, садақа қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!" дейилади. (Имом Аҳмад, Ан-Насаий, Ибн Можжа ривоятлари).

Яна бир бошқа ҳадиси шарифда: "Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам ўртаҳол бўлиш қандай яхшидир", дейилган (Абу Бакр Баззор ривояти).

Эътиқодимиз бўйича, инсон намоз, рўза, ҳаж, хайру садақа, тиловати Қуръон каби амалларнинг савобини маййитларга бағишласа, албатта, савоби етади. Шунга кўра, ушбу мақсадда иқтисодий имкониятига қараб, хоҳлаган вақтда фақир ва мискинларга эҳсон дастурхони ёзиш жоиз.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозим, эҳсонни фақат зиёфат кўринишида эмас, балки ўша зиёфатга кетадиган маблағни муҳтож оилаларга, меҳрибонлик ва қария­лар уйига, ободонлаштириш ишларига, ёшларнинг илм ва ҳунар олишларига сарф қилинса, мақсадга мувофиқ бўлур.

Авваламбор, Исломда барча хайру эҳсон Аллоҳнинг розилигини топиш учун бўлмоғи лозим. Хўш, қандай қилинса, Аллоҳ рози ва эҳсон Унинг ҳузурида мақбул бўлади? Бунинг бир неча шартлари бор:

Биринчиси. Эҳсон учун сарф қилинаётган мол-дунё ҳалол йўл билан топилган бўлиши шарт. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилганлар: "Банда ҳаромдан мол топиб, эҳсон қилган билан молига барака кирмайди. Садақа қилса, қабул қилинмайди" (Имом Аҳмад ривояти).

Иккинчиси. Холис Аллоҳ учун бўлмоғи шарт. Одамлар кўрсин, мақтасин деб риё мақсадида қилинган эҳсон қабул эмас. Қуръон оятларида мол-дунёсини хайрли ишга сарф этишга бахиллик қиладиган, эҳсон қилган тақдирда ҳам одамлар кўрсин, мақтасин деб қиладиган кишиларни Аллоҳ севмаслиги, балки улар кибрли ва мақтанчоқ кишилар экани баён қилинган. Риёкорлик билан қилинган эҳсон эвазига ҳеч қандай савобга эришиб бўлмайди, аксинча, оғир гуноҳга ботиш мумкин.

Учинчиси. Исрофга йўл қўймаслик. Исроф деганда фақат таомнинг ортиб қолиши ёки оёқости бўлишини тушунмаслик керак. Балки ўринсиз жойга қилинган эҳсон ҳам исрофдир.

Демак, исроф бўлмаслиги учун авваламбор хайр-эҳсон қилувчи киши кимларга эҳсон қилиниши лозимлигини билмоғи керак, акс ҳолда, ўз эгаларига берилмаган эҳсон мақбул бўлмайди. Чунки хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтож ва фақирларга моддий ёрдам кўрсатишдир.

Кези келганда шуни ҳам айтиш лозим, рамазон ойидаги ифторликларни оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда, унинг ҳоли-қудратидан келиб чиқиб, ниҳоят даражада иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказиш шариатимиз руҳига мос тушади. Албатта, буларни ўтказишда жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари ила бамаслаҳат қилингани маъқул.