Мустабид тузум даври эди. Пахтачилик бригадаси бошлиғи бўлиб ишлардим. Тўй қилишим керак эди, мато ва буюмлар қидириб бормаган жойим қолмади. Ниҳоят, яширинча шаҳардаги бир одамнинг уйидан, кечаси икки баравар қимматига олдим. Ундай нарсалар камёб ҳисобланиб, фақат раҳбарлар ва танишларга сотилар экан. Аллоҳга беадад шукр, ҳозир ҳамма нарса бозорда топилади. Фақат ҳалол касб қилиш, тадбирли ва меҳнаткаш бўлиш керак. Ҳар ким ўз ҳалол меҳнати эвазига фаровон яшаса бўлади. Фарзандларимизни ҳам ҳалол меҳнатга ўргатиб бориш бизнинг бурчимиз. Ишлаган одам соғлом бўлади. Бекорчиликдан эса ҳамма ёмон иллатлар келиб чиқади. Улуғ аллома Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари "Дил ба ёру, даст ба кор" (қалбинг Аллоҳдаю қўлинг ишда бўлсин) деб бежизга айтмаган. Ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг буюрган амалларини бажариш билан бирга ҳалол касб қилиши ҳам фарздир.

Меҳнат билан шуғулланиб, рўзғорини тебратаётган кишиларнинг молига Аллоҳ таоло барака ато этади.

Демак, яхши дуолар қилайлик, сабрли, қаноатли бўлайлик, Аллоҳ таоло юртимизда тинчлик, фаровонликни абадий қилсин.

 

Аъзамхон МУРОДОВ,

меҳнат фахрийи