Халқимизда: “Одам тафтини одам олади”, деган ажойиб нақл бор. Инсон зоти ширин гапга, ён-атрофидагиларининг меҳр-муҳаббатига доим ташна бўлади. Шу сабаб, гарчи қариндоши бўлмаса-да, яхши кишилар билан дўстлашади, улфат бўлади. Умрининг ажиб дамларини улар билан ўтказишга ҳаракат қилади.

Динимизда Аллоҳ учун дўстлашиш, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлиш савобли амаллардан ҳисобланади.

Мўминларга меҳр-муҳаббатли бўлиш вожибдир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар бор: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ айтдилар: Имон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, ўзаро бир-бирларингизга муҳаббат қўймагунингизча имонли бўлмайсизлар. Сизларни, агар амал қилсангиз, ўзаро муҳаббат пайдо қиладиган ишга далолат қилайми? Саломни ораларингизда ёйинглар” (Имом Муслим). Ҳадис шарҳида Имом Нававий фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабаб ҳолингиз яхшиланади, имонингиз комил бўлади, дейдилар.

Анасдан ривоят қилинади: “Набий : “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига раво кўрмагунича мўмин бўлолмайди” (Имом Бухорий), дедилар. Имом Нававий ҳадис шарҳида айтадилар: “Имон комил, тўлиқ бўлмайди. Фақат шу сифат бўлсагина, тўлиқ бўлиши мумкин. Бундан мурод тоат-ибодатларни ҳам биродарига раво кўриш, мубоҳ нарсаларни илинишдир”. Инсон ўзига керак бўлса-да, суйган нарсасини дўстига инъом қилиши юксак фазилат ҳисобланади.

Инсонларга муҳаббатли бўлишнинг энг яхши мукофоти Аллоҳ таоло севгисига сазовор бўлишдир.

Бу муҳаббат янада зиёда бўлиши учун қуйидагиларга амал қилган яхши:

– кимни яхши кўрса, ҳурмат қилса, унга билдириб қўйиш;

– тез-тез ҳадя улашиб туриш;

– кишини яхши кўрган исми билан чақириш;

– саломни ёйиш;

– вақти-вақти билан зиёрат қилиш, хабар олиш.

Уламолар Аллоҳ таоло йўлида яхши кўришнинг шартлари сифатида қуйидагиларга амал қилишни тавсия этишган:

– насиҳат қилиш;

– ўзига раво кўрганини яхши кўрганига ҳам раво кўриш;

– зиёратига бориб, ҳолини сўраб туриш;

– доимо ёрдам беришга шошилиш;

– обрўсини сақлаш;

– сирини фош этмаслик;

– яхшиликка чақириш;

– ёмонликлардан қайтариш;

– ғойибона ҳаққига дуо қилиш;

– адашса, тўғри йўл кўрсатиш.

Убода ибн Сомит Расулуллоҳдан ривоят қилади: «Аллоҳ таборака ва таоло айтади: “Менинг йўлимда яхши кўришганларга муҳаббатим ҳақдир. Менинг йўлимда ўзаро алоқаларини сақлаганларга муҳаббатим ҳақдир, менинг йўлимда бир-бирларини зиёрат қиладиганларга муҳаббатим ҳақдир, менинг йўлимда ўзаро саховат қиладиганларга муҳаббатим ҳақдир”».

Динимиз кўрсатмаларида фақат ва фақат инсонлар фойдаси кўзланади. Аҳиллик ва муҳаббат асосига бунёд этилган дўстлик шарофати билан мамлакатлар тинч-осойишта, инсонлар эса бахтиёр яшайдилар.

 

Фахриддин МАМАНОСИРОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси