Дақиқалари, соатлари, ойлари шошқин, тошқин ҳаётда одамлар ҳар қаерларга шошиб яшайди. Кимдир ишга шошади, яна биров ўқишга, бошқаси мусобақага, тадбирга, ушрашувга... Лекин ҳамма бараварига шошиладиган, ҳаммани баравар иссиқ бағрига ҳамиша чорлаб турадиган бир ошён бор, бу – оила. Оила кун бўйи яхшиликларга сарфланган қувватнинг ўрнини меҳр-муҳаббат туйғулари билан қайта тўлдиради. Ҳар кун янгидан яшай бошлашинг, орзу қилишинг, мақсадга интилишинг учун куч беради. Оила – паноҳ. Сенинг туйғуларинг, ҳиссиётларингни интизом доирасида асраб туради. Аслида тўрттагина ҳарфдан иборат бу тушунчанинг минг бир таърифи, минг бир қирраси бор. Лекин барча таърифлар замирида яхшилик зоҳир.

Улуғ маърифатпарвар аллома Абдурауф Фитратнинг оила ҳақидаги фикрлари алоҳида аҳамиятга эга: “Дунёда иззат ва саодат толиби бўлмаган бирорта қавм йўқ. Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизом ва тартибга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади”. Кўриниб турибди, оила деганимиз, баъзилар таъкидлаганидек, ўта шахсий ҳодиса эмас. Ундаги ҳар жараён жамиятда акс этади. Шу жиҳатдан ҳам оилага ижтимоий ҳодиса деб қарашимиз, уйимиз ичкарисида кечаётган ҳаёт учун ҳам жамият олдида ўзимизни жавобгар, бурчли ҳис этишимиз зарур.

Аслида биз жуда қадим замонлардан буён оила бўлиб яшаб келган халқмиз. Йиллар синовидан ўтган неча юз йиллик чиройли анъаналаримиз, удумларимиз бор. Уларнинг энг чиройлиларини асраб қолиб, замон руҳи билан бойитиб, авлодларга қолдириш ҳақида “Мустаҳкам оила йили”да яна ҳам теранроқ ўйлашимиз зарурга ўхшайди.

Дейлик, Хоразмда бир одат бор: хонадонда чақалоқ туғилса, қўни-қўшнилар навбат билан янги енгил бўлган келинчакни ўзигагина лойиқ таом билан йўқлаб туришади. Кимдир битта тақсимчада қовурилган тухум, кимдир лаганчада тухумбарак пишириб чиқади. Заифлашган аёлга чилласи чиққунча дармонга киритиш учун берилган мадад бу. Ниҳоятда оқилона удум. Ёки Наманганда бирор хонадонга олисдан меҳмон келса, қўшнилар шундай йўқлашади. Бу ҳам оилани қўллаб-қувватлаш.

Фақат моддий жиҳатдан эмас, маънавий тарафдан ҳам ниҳоятда гўзал анъаналаримиз бор. Уларни кўнглимизда асрасак, маънавият хазинамизни янада бойитган бўламиз. Дейлик, оналар, қайноналар қизлари, келинчакларига бақириб танбеҳ бермайдилар, лабини тишлаб, бош чайқаб қўйишади, холос. Ёши улуғ одамга овқат, чой энг олдин узатилади. Бир қарашда оддий бўлиб туюлган бу муомала-муносабатларда чуқур ботиний маданият бор. Фаросатли халқ, фасоҳатли халқ, ёши улуғларни иззатлайдиган халқ сифатида мана шу одатларимизга амал қилиб келаётганимиз учун улар замонлар тўзонида учиб кетмасдан, даврдан даврга ўтиб, яшаб келяпти. Ўрни келганида, халқимизга зийнат бўлаётган бошқа фазилатларнинг илдизлари ҳақида гапиргим келди.

“1929 йил. Феврал ойи. Қор учқунлаб турибди. Отам Пскентга борадиган бўлибди”, деб ҳикоя қилади таниқли журналист, ҳаётининг асосий қисмини болалар журналистикаси ривожига бағишлаган Ҳафизахон опа Ҳайитметова. У кишининг айтишларича, оталари Шарофхўжа қори улфатлари билан отда йўлга чиқибди. Қиш куни бир тутам. Бир қишлоққа борганларида кеч тушибди-да, бир оилага меҳмонга киришибди. Шарофхўжа қори дўкондор, ўзига тўқ. Устига-устак, бу йўллардан Пскентдаги ерларига кўп ўтиб қайтгани учун бой-бадавлат одамлар яхши танишар экан.

– Бизникига қўнинг, қори ака! – дея уни меҳмонга таклиф қилувчилар кўп бўлар экан.

Лекин Шарофхўжа қори атайлаб қўли юпқароқ оилага қўнар экан. Ўзи билан олиб кетаётган озиқ-овқатлардан шу оила ҳам баҳраманд бўлсин, қозони қайнасин, дер экан.

Ўша кеч ҳам Қудрат исмли йигитникида қўнибди. Кечаси ётишдан аввал отига бир қараб қўяй деса, Қудрат қашқа отнинг пешонасини силаб, кўзларига термулиб турганмиш. Тонгда яна шу ҳодисага кўзи тушибди. Эрталаб “Қуллуқ, яхши қолинг, нон-тузингиз, хизматингизга рози бўлинг”, “Бегина боринг, яна келинг” каби мулозаматлардан сўнг, қори йигитга:

– Қашқага мининг! – дебди. Қудрат довдираб турган экан, шериклари:

– Қори ака битта гапиради, мин дедими, мининг, – дейишибди.

Қудрат отга мингач:

– Қани, омин. Тупроқ олсангиз олтин бўлсин. Шу отни фийсабилиллоҳ сизга бердим, – дебди.

...Қори пиёда қолгач, шериклари ҳам отга минмай, яёв, изма-из келишаётган экан, кўчанинг бошида Қудратнинг қўшниси Ризаматхўжа от етаклаб турганмиш:

– Шарофхўжа ака, қани, отга мининг. Кечаси дилбар суҳбатларингизни тинглаб, айтган ҳикматларингизни эшитиб, шу отимни сизга ҳадя этишни дилимга тугиб қўювдим...

Шарофхўжа қори каби инсонлар қиёфасида давом этган саховатпешалик бугун жамиятимизда яхши маънода, катта тўлқинга айланмадими? Ҳомийлик асосида ўтказилаётган никоҳ тўйлари, суннат тўйларининг илдизлари, одамлар, ёшлар, болаларнинг қувончлари ана шу саховатпешаликка бориб боғланмайдими?

Ёки бошқа бир воқеа. Бу Фарғона вилояти, Қува тумани, Акбаробод қишлоғида бўлиб ўтган. Усмонали тоға ҳайдовчиси билан дўкондан чиқса, “Волга”сининг тасодифан очиқ қолган эшигидан бир болакай кириб, ичини титкилаётганмиш. Ҳайдовчи ўсмир болани шартта ушлаб олибди.

– Э, бу болага олдин ҳам кўзим тушган, расталардан ул-бул олиб қочиб юради, мелисага бериб юбориш керак, – дебди ҳайдовчи.

– Отинг нима? – деб сўрабди Усмонали тоға.

– Мусо.

– Қаерда турасан? Ота-онанг борми?

Бола сағир, ҳар кимникида ётиб юраркан.

– Қани, ўтир машинага. Аввал маҳаллангга бориб, рост гапирдингми-йўқми, аниқлаймиз, – дебди Усмонали тоға.

– Қўйинг, бу боланинг суяги ўғирликда қотиб бўлди. Уни инсофга келтираман, деб овора бўлманг, мелисага бериш керак, дарров бурнига сув киритиб қўйишади, – дебди ҳайдовчи.

Усмонали тоға боланинг маҳалласига борибди, ҳақиқатан қаровсиз экан, қариндошлари узоқда, ота-онаси ўлиб кетган.

– Мен сени уйимга олиб кетаман. Болаларим қатори бола бўласан, – дебди Усмонали тоға. Уйига олиб келгач, “Бирортанг ўғри, етим, деган гапларни тилга олмайсан” деб оиласига тайинлабди. Мусо шу оилада улғайибди, касб-корли, оилали бўлибди.

Мен институтни тугатиб, Акбаробод қишлоғида муаллимлик қилганимда Усмонали тоғанинг уйида яшаганман.

Тоғанинг неваралари “амаки”, фарзандлари “ака, ука” деб атайдиган Мусожон аканинг бу оилага тамоман бегона эканини мутлақо сезмаганман. Фақат раҳматли тоғамиз дунёдан ўтганларида Мусожон ака:

– Дадажон, сиз бўлмаганингизда мен ўғри ё каззоб бўлармидим? Бошқалар сиздан бир марта рози бўлса, мен минг марта розиман! Бола-чақамнинг ҳаёти, бахти учун қарздорман сиздан! – деб йиғлаганларида бу сир тагига етганман... Усмонали тоға қиёфасида давом этган раҳм-шафқат туйғулари “Сен ёлғиз эмассан” тарзида катта бир ижтимоий ҳаётга, ижтимоий эврилишга айланган бизнинг бугунги эзгуликларимиз кўпчилиги оила билан боғлиқлигини, оиладан бошланганини кўрсатади.

...Салоҳиддинбой маҳобатли иморатини сотувга қўяди. Харидорлар тўпланганида:

– Неча пул сўрайсиз? – деган саволига бой:

– Уч танга, деб юборади. Бехос, шошганидан айтилган бу баҳо атрофдагиларни таажжубга солади:

– Адашмадингизми? – дейишади.

Салоҳиддин бой аслида ўттиз танга демоқчи экан, лекин шошилиб айтган гапини ҳам қайтиб олмабди.

– Гапингиз гапми? Уч тангага сотдингизми? – дебди харидор.

– Ҳа, сотдим.

“Бор, барака” дея қўл ташлашлардан сўнг ёнидагилардан бири:

– Бой, адашиб айтиб юборибман, десангиз бўларди-ку, – деса, Салоҳиддинбой:

– Менинг лафзим ўттиз тангадан қиммат туради. Лафз қилдимми, қайтмайман, – деган экан.

Тўқимага ўхшаган бу воқеани нега оила ҳақидаги фикрларимнинг давомига уладим? Чунки оила аъзолари бўлмиш шахсларнинг “лафз” тушунчасини қадрлаши катта аҳамиятга эга. Лафз ҳам, ҳаё, ибо каби халқимизга хос қадрият. Лафзсизлик, ҳаёсизлик, бебурдлик фақат оилаларни эмас, миллатни ҳам ичдан емирувчи иллатдир.

Бугун бизга қизиқ туюлган, оиладаги, жамиятдаги яшаш тарзимизга мазмун бераётган бу бекатлар эртага оддийга ўхшаб қолар балки... Фикратимизни яна ҳам мураккаб янгиликлар банд этар... Бу – табиий. Чунки биз ўсаётган, ривожланаётган, тикланаётган миллатмиз. Лекин ўша баландликларда ҳам отга ҳавасманд, лекин отга етолмаган Қудратга ўзи миниб кетаётган тулпорини ҳадя этган Шарофхўжа қориларни, қаровсизликдан қўли, йўли эгриликка тойрилган болакайга “эр”, “ота”, “инсон” деган қутлуғ номларни бахш этган Усмонали тоғаларни, “лафз” сўзининг оҳори тўкилмасин деб ўттиз тангалик мулкини уч тангага бериб юборган Салоҳиддинбой акаларни унутмасак, шундай анъаналарни елкасида опичлаб авлодларга етказсак, дейман.

Оила аталмиш гулсўзли китоб саҳифасидаги бундай ёзувларни ўқиган сайин, уққан сайин ўзимизга ўхшаб борамиз. Дунёда миллат кўп, лекин ўзига ўхшаб тургани, ўзлигини оқлаб яшаётгани қадр топади.

Бизнингча, Президентимиз 2012 йилни “Мустаҳкам оила йили” дея эълон қилганларида оила ва жамият фаровонлиги, тўкислиги, юксалиши билан боғлиқ жуда кўп режалар қатори ўлмас ва қадим қадриятларнинг умрига умр қўшилишини ҳам назарда тутганлар, албатта. Чунки оила бу миллатни миллат сифатида ушлаб тургувчи гўзал қадриятлар асраладиган хазина. Оила – тарбияхона, меҳнатхона, маърифатхона.

Оила... Унинг кўркли, нурли таърифларини кўпайтириш энди сизу бизга, сизу биз тарбиялаётган фарзандларга боғлиқ.

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

 


* “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2012 йил, 26-сон