Аллоҳ таоло имонли кишиларни таърифлаб бундай марҳамат қилади: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Мўминун, 8).

Вафодорлик юксак инсоний фазилат. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳдига вафо қилишда биз умматларга муносиб ўрнак бўлганлар. У зотнинг бирор марта ҳам ваъдасига хилоф иш қилмаганлари тарихдан маълум.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла дейди: “Мен Қиёмат куни уч тоифа одамга даъво қиламан: Менинг номим бирла онт ичиб, ваъда бериб, ваъдасига вафо қилмаганга, озод одамни (қул қилиб) сотиб, пулини еганга ва бир одамни ёллаб ишлатиб, сўнг

ҳақини бермаганга”».

Ваъда ҳар хил бўлади.

Баъзилари ёмонликка хизмат қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир ишга қасам ичиб, кейин у ишда яхшилик йўқлигини билса, дарҳол қасамига каффорат бериб, яхши ишни қилсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Демак, ёмонликка хизмат қилувчи ваъдани бузиш гуноҳ эмас, балки савобдир.

Ваъдаларнинг энг улуғи банда билан Аллоҳ ўртасидаги аҳддир. Зеро, Аллоҳ таоло одамни яратди, унга турли неъматлар берди ва бу ҳақиқатни банда билиб, эътироф этишини, Аллоҳнинг меҳрибонлигидан хабарсиз бўлмаслигини, инкор этмаслигини хоҳлади.

«Мен сизларга (дунёда) билдириб: “Эй Одам болалари! Шайтонга ибодат (итоат) қилманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менга ибодат қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир”, демаганмидим?» (Ёсин, 60–61).

Мусулмон киши ўтмишига назар солиши ва ундан тўғри хулоса чиқариб, шукр қилиши зарур. Ўтмишини унутиб, шукрдан юз ўгириш неъматга хиёнат ҳисобланади. Шифо берсанг, бой қилсанг, сени унутмайман, дея ваъда бериб, бажармаслик келгусидаги яхшилик ва неъматнинг заволига сабаб бўлади. Мадина аҳлидан Саълаба деган киши ансорийлар билан суҳбатлашиб ўтирганида: “Агар Аллоҳ таоло менга Ўз фазлидан мол-дунё ато этса эди, ҳар бир ҳақдорнинг насибасини ўрнига қўярдим, муҳтожларга садақалар берардим, қариндошларим ҳолидан хабар олардим”, деб ваъда беради. Оз фурсатда амакиваччаси оламдан ўтиб, катта меросга эга бўлади. Аммо берган ваъдаларидан бирортасини бажармайди. Унга танбеҳ учун қуйидаги ояти карима нозил бўлади:

«Улар орасида: “Агар бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз”, деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор. Аллоҳ уларга фазлидан берганида эса, (улар) унга бахиллик қилдилар ва юз ўгириб кетдилар» (Тавба, 75–76).

Динимиз инсонларни аҳдни бажаришга, ваъдага вафо қилишга ундар экан, айниқса, тижоратчилар орасида ва турли иқтисодий муносабатларда ваъдани ўз вақтида бажариш энг муҳим асос бўлиши алоҳида таъкидланади. Аллоҳ таолонинг бир неча буйруқлари бор: «...Аҳдга вафо қилинглар! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир» (Исро, 34). «Аҳдлашганингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб, ичган қасамларингизни (Аллоҳ номи билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Наҳл, 91).

Инсоннинг аҳдига вафо қилиши дунёда улуғлик топишига, охиратда мағфират ва марҳаматга эришувига асос бўлиши ушбу ояти карима мазмунида очиқ кўринади: «“...Сизларга инъом этган неъматимни эслангиз, аҳдимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг аҳдингизга вафо қилай ва Мендангина қўрқингиз!» (Бақара, 40).

Меҳмонали ҒУЛОМОВ,

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани “Санчиқул” жоме масжиди имом-хатиби