Ҳаёт экан-да. Одамзот эҳтиёж, тирикчилик юзасидан тинмай елиб-югуради. Оила юки елкага катта масъулият юклаши табиий. Аммо тирикчилик экан деб ҳар қандай йўлга кириб кетавериш ярамайди. Барака ҳалолликда, тўғриликда. Аллоҳ кўрсатмасин, хиёнат ё фириб кўчасига кирса, инсоннинг юзи қаттиқлашади ва андишани ҳам бир четга суриб, манфаати учун турли разилликларга қўл уради. Ғирромлик қилаётганлар озгина фойдани деб охиратни унутади.

Бир куни ишдан қайтишда икки кило олма сотиб олдим. Қўлимга енгил туюлиб, сотувчидан: "Тарозингиз тўғрими?" деб сўрадим. У: "Ҳа", деб тасдиқлади. Уч-тўрт қадам нарига ўтиб хурмо олдим. Сотувчидан олмани ҳам тарозисига қўйиб беришини илтимос қилдим. Сал кам ярим килога «адашгани»ни олма сотувчи ҳам эшитди ва беш-олти дона олмани зарда билан елим халтамга солди. Мен эса, ортиғи керакмас, дея тарозига қўйишини талаб қилдим...  

Ажабо, "тарозингиз тўғрими?" деб сўраш одатий ҳолга айланиб қолди. Бундан тўғри хулоса чиқариб, тарозисини қайта текшириб кўрадиган тижоратчилар ҳам бор, албатта. Аммо харидорларга бир баҳона қилиб, доим хиёнат, фириб йўлларини қидирадиган савдо ходимларини кузатиб афсус чекасиз.

Баъзида сотувга қўйган молингиз дўконларда таннархидан икки-уч баравар қиммат сотилаётганидан кўнглингиз оғрийди. Молнинг бозори чаққон деб устига чегарадан ортиқ нарх қўйиш ҳам хато. Инсоф бараканинг боши, деб бежиз айтилмаган. Майли, фойдамиз кўп бўлмасин, аммо топганларимиз ҳалол, баракали бўлсин.

Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: "Аллоҳ таоло инсонларни бировнинг молини ноҳақлик билан ўзиники қилиб олишдан қайтарди".

Аллоҳ таоло: "Мол(ва бойлик)ларингни ўрталарингда ботил (йўллар) билан емангиз!.." (Бақара, 188), дея мар­ҳамат қилади. Имом Қуртубий оятдаги "ботил йўл билан емаслик"ка қимор, алдамчилик, ҳаром йўл билан бойлик топиш кабилар киради, деган.

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ