Илм олиш, ўргатиш, илм йўлида хизмат қилиш савоби улуғ ишлардан. Илм билан бирга тақво ҳам бўлиши лозим. Чунки тақвосиз илм фойда бермайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир" (Фотир, 28).

Ҳасан (розийаллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: "Илм икки хил бўлади: (биринчиси) қалбдаги илм, мана шу манфаатли илмдир; (иккинчиси) тилдаги илм, буниси эса Аллоҳ таолонинг махлуқотларига (яъни, бандаларига) қарши ҳужжатидир" (Термизий, Ҳоким, Ибн Абу Шайба ривоятлари).

Қалбга мустаҳкам ўрнашган илм манфаат келтиради. Ундан илм эгаси, қолаверса, ён-атрофдагилар ҳам фойда олишади. Шунингдек, илм билан нурланган қалб ширк, нифоқ каби иллатлардан пок бўлади.

Илм ҳақида ҳадиси шарифларда бундай дейилган:

"Ким илм талабида бир қадам қўйса, Аллоҳ таоло у бандага жаннат йўлини осон қилади" (Имом Муслим ривояти).

"Илм ўргатган кишига унга амал қилганнинг савобидан бирон нарса камаймаган ҳолда савоб етади" (Ибн Можа ривояти).

Имом Шофиъий дейди: "Ким тақво қилмаса, илми унга фойда бермайди".

Кўп билмасак ҳам, эшитганларимизга амал қилишимиз лозим.

Руҳсиз тана ҳеч нарсага арзимаганидек, тақвосиз илмда ҳам барака йўқ.

 

Одилхон ИСМОИЛОВ,

Тошкентдаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди имом-хатиби