Маҳалла деганимизда, энг олдин қўни-қўшнилар тушунилади. Қўшниларга яхшилик қилиш ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга, тинчликни таъминлашга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошларга, етимларга, мискинларга, қариндош қўшнию бегона қўшнига ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)!..” (Нисо, 36). Ояти каримада қўшнилар икки тоифага бўлиб зикр қилинган: қариндош ва қариндош бўлмаган қўшнилар.

Мўмин киши дини, миллати ва насабидан қатъи назар, ҳаммага бирдай яхши муомалада бўлиши керак. Ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин” (Муттафақун алайҳ), дейилган.

Ёши улуғ отахону онахонлар маҳалланинг файзидир. Уларни ҳурмат қилиш, зиёратига бориш, ҳолидан хабар олиш ва насиҳату дуоларидан баҳраманд бўлиш ҳам динимиз кўрсатмаларидан, гўзал инсоний сифатлардандир. Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади: “Кекса мусулмон кишини хурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш демакдир”(Абу Довуд). Яна бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ : “Кичикларимизга шафқат қилмаган ва катталаримизнинг шараф ва ҳақларини билмаган киши биздан эмасдир”, деганлар (Абу Довуд, Термизий).

Ўтган азизларимиз суннатга ва ҳадиси шарифга ихлос билан амал қилишган. Имоми Аъзам ўта парҳезкор ва тақводор бўлиши билан бирга хато қилувчиларга нисбатан бағрикенг зот эди. Бир қўшниси кечалари маст-аласт бўлиб, бор овози билан бақирар: “Зое қилдилар, қандай йигитни зое қилдилар”, деб ўзича қўшиқ айтиб чиқар эди. Унинг овози Абу Ханифанинг оромини бузарди. Бир кеча ўша қўшнисининг овози чиқмай қолди. Тонг отгач, Абу Ханифа уни суриштириб, мастлиги боис қамалганини билди. Волийнинг олдига бориб, уни қамоқдан озод қилди. Бирга қайтиб келишаркан, Абу Ханифа унга: “Эй йигит, сени зое қилдикми?” деди. “Йўқ, аксинча, мени қутқардингиз. Аллоҳ ажр берсин!” деди у ва ўша кундан бошлаб ичкиликхўрликни ташлади.

Инсоннинг яхши ва ёмон кунида маҳалла асқатади. Халқимизда: “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган нақл бор. Шунинг учун маҳалладаги барча йиғинларда иштирок этиш, маърака ва маросимларда қатнашиш, беморларнинг ҳолини сўраш, муҳтожлардан хабар олиб туриш каби ишлар кишининг фазилатини оширади.

Улуғлардан бирининг олдига бир киши келиб: “Фалон шаҳардаги фалончи киши улуғ одам экан. Сув устида юрар эмиш”, деди. “Сув устида юрадиган одамга ажабланманг. Чунки ўрдак ҳам, балиқ ҳам сувда суза олади”, деб жавоб берди доно киши. Бошқа бир одам келиб: “Фалон шаҳардаги фалончи одам ҳавода учар эмиш”, деди. У зот: “Ҳавода учиш ажабланарли эмас, чунки қуш ҳам ҳавода уча олади”, деб жавоб берди. Шунда одамлар ҳайрон бўлишиб: “Сувда юриш ва ҳавода учиш каби кароматли ишлар аҳамиятсиз бўлса, инсон қачон ва қандай қилиб камолотга эришади?” деб сўрашди. У зот: “Зоҳирингда халқ (одамлар) билан бирга бўлишинг, ботинингда Ҳақ (Аллоҳ) билан бирга бўлишинг, уларга ёрдам беришинг ҳақиқий камолотдир”, деб жавоб берди.

Икки одам бир вақтда уйига чақирса, уйи яқинроғиникига бориш, эҳсон ва ҳадяларни ҳам уйи яқинлардан бошлаш ҳақидаги ҳадислар ҳам маҳалла аҳллари ўртасидаги муносабатга тегишлидир.

Покликда барака бўлади. Кўча-кўйни ва ҳовлиларни тоза тутиш маҳалланинг ободлигига ҳисса бўлиб қўшилади. Обод юртда пок одамлар яшайди, деб бежиз айтилмаган. Расулуллоҳнинг : “Ҳеч яхши амал қилмаган бир одам йўлдан тиканли шоҳни олиб ташлагани учун Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечириб юборди”, деганлари ривоят қилинади (Абу Довуд). Абу Зарр : “Ё Расулуллоҳ, менга фойдали бўлган бирор амални ўргатинг”, деганида, Расулуллоҳ : “Мусулмонларнинг йўлларидан уларга озор берувчи нарсаларни олиб ташла”, деб буюрганлар (Имом Муслим ривояти).

Динимиз бизларни ҳамжиҳатликка, покликка, озодаликка буюрар экан, бу амр замирида юксак маданият билан бир қаторда инсон саломатлигини сақлаш мақсади ҳам ётади. Шундай экан, барчамиз маҳаллаларимиз ободлиги ва тозалиги йўлида яхши ишларни кўп қилишга интилайлик.

 

Муҳаммадкарим ИБОЕВ,

Андижондаги “Саййид Муҳйиддин махдум” Ислом ўрта-махсус билим юрти мударриси