Саид ибн Абу Бурдадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу лайҳи ва саллам): "Ҳар бир мусулмон садақа қилиши лозим", дедилар. Саҳобалар: "Ё Набиййуллоҳ, агар ҳеч нарсаси бўлмаса-чи", дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: "Ҳалол меҳнат қилиб, ўзи ҳам манфаатланади, бировга ҳам садақа беради", дедилар. Саҳобалар: "Агар унга қурби етмаса-чи", дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: "Ожизу жабрдийдаларга ёрдам берсин", дедилар. Саҳобалар: "Бу ҳам қўлидан келмаса-чи", дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: "Яхшилик қилиш йўлига ўтиб, ёмонликдан қайтсин, шу унинг садақа қилганидир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар бир яхшилик бесамар қолмайди. Банданинг ихлоси, ниятига қараб, зарра миқдори амалига ҳам Аллоҳ таоло ажр беради. Мўмин ҳалол меҳнат қилиб, ўзига, оиласига нафақа қилиши, ортганидан муҳтожларга улашиши, мазлумга ёрдам бериши, ожизларнинг ҳолидан хабар олиши, кишиларни яхшиликка чақириши, ёмонликдан қайтариши ва гуноҳлардан тийилиши айни савобдир. Аммо санаб ўтилганлардан баъзисига қурби етмайдиган ожиз киши яхши ният қилса, яхшилик йўлида имкони борича ҳаракат қилса, ҳеч бўлмаганда, ёмонликни тарк этса ҳам охиратда даражаси юксалади.

Ҳадиси шарифда фақат эҳсон қилиш эмас, балки заифларга ёрдамлашиш, яхшиликка чақириш, ёмонликдан сақланиш ҳам садақа эканлиги айтилган. Ҳазрат Абу Зар (розияллоҳу анҳу) ва Ойша онамиз ривоятидаги ҳадисларда эса ҳар бир кишининг танасида уч юз олтмишта бўғим бўлиб, мўмин ана шулар миқдорича ҳар куни садақа қилиши лозимлиги айтиб ўтилади.

Аллоҳ тао­лонинг бандаларига марҳамати кенг. Банда йўлдаги зарар берадиган тош ё тиканни олиб ташлаши, тасбеҳ, таҳлил ё истиғфор айтиши, кишининг ҳақига хайрли дуо қилиши, адашганга йўл кўрсатиши, кекса кишини суяб йўлдан ўтказиб қўйиши ҳам садақа бўлади.

Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Сенга Аллоҳга энг маҳбуб бўлган каломнинг хабарини берайинми", деганларида, хабарини беринг, эй Аллоҳнинг расули, дедим. Шунда у зот: "Аллоҳга энг суюкли калом "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи"дир", дедилар (Имом Муслим).

Имом Нававий: "Ғам чекиб, қайғуда қолганнинг қайғусига шерик бўлиб, илиқ сўз айтиш ҳам савобдир", деганлар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўгитларидан бирида инсон ёмонлик қилишга қасдлансаю, Аллоҳ тао­лодан қўрқиб,уни тарк этса, бу иши учун у мукофотланади, дея марҳамат қилганлар.

Шунингдек, садақа қилолмаган кишининг дилдан ният қилишига ҳам ажр бор. Чунки амал ниятга боғлиқ. Агар бир ишни Аллоҳ таоло розилиги учун қилмоқчи бўлган кишининг имконияти етмай қолса ҳам яхши нияти учун савоб бор. Аммо яхши амалини миннат қилиш ёки ундан бир эваз кутиш ё бошқалар уни мақташларини исташда савоб йўқдир.

Абу Зар (розияллоҳу анҳу) ривоятидаги ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Биродарингга табассум билан боқишинг ҳам садақадир", деганлар. Демак, самимий тарзда кўнгилдаги ғиллу-ғашларни унутиб, табассум қилиш ҳам, кўнгилларга илиқлик улашиш ҳам садақадир.

 

Хайрулла ТОҒАЕВ,

Тошкент шаҳридаги "Пул емас ота" жоме масжиди имом-хатиби