Осмонда, ернинг ости ва устида қимирлаган жонзотларнинг барининг ризқини Аллоҳ таоло беради.

Ризқнинг берилиши маълум жой ёки маконга боғлиқ эмас. Балки жонзотлар қаерда бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ таоло уларнинг насибасини белгиланган миқдорда, вақтида етказади. Уммонлар тубидаги энг майда жонзотлардан тортиб, кунида ботмонлаб емиш ютадиган китлар ҳам белгиланган ризқини ейди.

“Тафсир ар-Розий”да бундай келтирилади: «Ҳазрат Мусонинг хаёллари бир зум аҳли-оилаларига чалғиди. Шунда Аллоҳ таоло Мусога ҳассасини харсангга уришини амр этди. Харсангга ҳассаларини урдилар. Харсанг ичидан бир улкан тош чиқди. Унга ҳам урганларида яна бир катта тош чиқди, учинчи тошга ҳам урганларида, ичидан оғзида озуқаси бор митти қурт кўринди. Шунда Мусо Аллоҳ таолонинг марҳамати билан қуртнинг: “Мени кўрадиган, сўзимни эшитадиган, жойимни биладиган, мени унутмайдиган Зот барча айбу нуқсондан покдир”, деганини эшитди».

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади.: “Ўз ризқини кўтара (топа) олмайдиган қанчалаб жонзотлар бор. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам (ўз хазинасидан турли йўллар билан) ризқ берур” (Анкабут, 60).

Ҳасан Басрий бу оятдаги “ризқини кўтара (топа) олмайдиган” жумласини “жамлолмайдиган” деб шарҳлаганлар.

Пайғамбаримиз бундай марҳамат қиладилар: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсаларинг, тонгда оч бўлиб, тунда тўқ қайтадиган қушлар каби сизларни ҳам ризқлантиради” (Имом Термизий).

Қушлар ва ҳайвонларни кузатсангиз, эртадан кечгача ризқини излайди. Уларнинг дон сақлайдиган омбори йўқ. Аммо ботиний бир туйғу-сезги билан Яратган зот оч қўймаслигини ҳис этиб, интилаверади.

Инсонлар ҳам худди шундай, яхши яшаши, ҳаёти фаровон бўлиши учун тер тўкиб меҳнат қилишлари лозим. Ким менинг ризқим тайин, ишламасам ҳам бўлаверади, деса янглишади. Чунки таъкидлаш зарур, ризқ касб-кор ёки бошқа сабаб билан бандага берилади. Унинг Аллоҳ ҳузуридан келишига ишонган ҳолда меҳнат қилишимиз зарур.

Яна бошқа ҳадисда бундай дейилади: “Аллоҳ таоло сизларга бирор сабаб билан ризқ бераётган бўлса, зарар кўрмагунча уни ўзгартирмангиз” (Имом Ибн Можа).

Бирор касб ёки ҳунар орқали тирикчилигимиз ўтиб, уйимизга барака кирар экан, шу касбни давом эттиришимиз мақсадга мувофиқдир. Қаноат қилмай, каттароқ мол-дунё орттириш мақсадида уни тарк этсак, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига тескари иш қилган бўламиз.

Оқилхон АҲМЕДОВ,

Қамаши тумани бош имом-хатиби