Навфал ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакиваччалари, Абу Суфён ибн Ҳориснинг акаси. Ҳадис китоблари ва тарихий манбаларда тўнғич ўғлига нисбатан Абу Ҳорис (Ҳориснинг ота­си) деган куняси бўлгани қайд этилган.
Навфал ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) Қурайш қабиласининг Бану Ҳошим уруғида дунёга келган. Унинг таваллуд санаси ёки неча ёшда вафот этгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Шуниси маълумки, Навфал ибн Ҳорис амакиси Ҳамза ва Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан катта бўлган.
Отаси Ҳорис ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманноф ибн Қусай Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га амаки бўлади. Унинг пайғамбарлик давригача яшагани, мусулмон бўлгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Онаси Ғозия бинт Қайс ибн Ториф ибн Абдулуззо ибн Омира ибн Умайра. Унинг ҳам исломни қабул қилган-қилмагани ҳақида маълумотлар йўқ.
Навфал ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу)­нинг Ҳорис, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Робиа, Саид, Муғира исмли ўғиллари ҳамда Умму Саид, Умму Муғира ва Умму Ҳаким исмли қизлари бўлган. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Навфал Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га жуда ўхшаш бўлиб, Мадина шаҳрининг биринчи қозиси бўлган. Умму Саид фиқҳда кучлилиги, Умму Муғира эса Али ибн Абу Толибга яқинлиги билан ажралиб турган.
У қабиласининг энг бадавлат кишиларидан бўлиб, саховати билан ҳам машҳур эди. Мусулмон бўлгунига қадар Навфал (розияллоҳу анҳу) амакиси Аббос билан шерикчиликда иш олиб борар эди. Рисолатнинг илк даврида Навфал ибн Ҳорис қалбида мо­йиллик бўлса-да, Ислом динини қабул қилмай турган.
Ҳижратдан кейин бўлиб ўтган Бадр жангида мажбуран маккаликлар томонида урушга чиққан. Жангда мушриклар енгилгач, асир тушади ва мингта найза эвазига ўзини озод қилади.
Навфал ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) Бадр жангидан сўнг, Аббос ибн Абдулмут­талиб билан бир вақтда мусулмон бўлди. Шундан кейин, иккови ҳам Маккага қайтиб кетдилар. Манбаларда Бану Ҳошимдан Ислом динини қабул қилганларнинг энг ёши улуғи бўлгани қайд этилади.
Навфал ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) Хандақ жанги кунлари Аббос (розияллоҳу анҳу) билан бирга Мадинага ҳижрат қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидлари олдидан иккисига ҳовли-жой ажратиб бердилар. Ўша вақтдаги одатга кўра, Пайғамбар Навфал ибн Ҳорисни жоҳилият давридаги ҳамкори Аббос ибн Абдулмутталиб билан биродар қилиб қўйдилар.
Пайғамбаримиз (алайҳис­салом) ҳазрат Навфал ҳақида фақат яхши гапларни айтардилар. У зот Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)га кучли муҳаббат билан боғланган, қувватли имон ва жасоратли қалб эгаси эди.
Навфал ибн Ҳорис (розиял­­лоҳу анҳу) «Байъатур ризвон»да ҳамда Макка, Ҳунайн ва Тоиф фатҳларида иштирок этди. Ҳунайн жангида у Пайғам­бар (алайҳиссалом)нинг ўнг томонларида турган ва жанг учун уч мингта найза берган.
Навфал ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) халифаликлари даврини ҳам кўрган. У кишидан ривоят қилинган ҳадисларининг аниқ сони маълум эмас.
Навфал ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) 15/636 йил, баъзи манбаларга кўра ҳижрий 20-йили (милодий 641 й.) Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) халифалиги даврида вафот этган. Жанозани халифа ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)­нинг ўзлари ўқиганлар, Бақиъ қабристонига дафн этилган.
 
“Мўъжамус саҳобаˮ, “Ал-Исоба фий там­йизис саҳобаˮ, 
“Усудул ғоба фий маърифатис саҳобаˮ китоблари асосида 
Салоҳиддин СИДДИҚОВ 
тайёрлади.