Одам савдоси, гиёҳвандлик каби жирканч жиноятларни ўзида мужассам этган экстремизм ва терроризм балоси бутун дунё халқларининг умумий муаммосига айланди. Ҳозирги кунда ёшларимизни ана шундай жангари оқимлар таъсирига тушиб қолишидан сақлаш, ота-оналар, жойлардаги масъул шахслар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, хуллас, барча виждони бор одамларнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Бу ишда, аввало, ота-она, айниқса, оталар масъулиятини ошириш шарт деб ўйлайман.
Авваллари оталарининг иззат-ҳурматини сақлаган йигитлар уларнинг рухсатисиз бегона юрт тугул, кечаси кўчага ҳам чиқмас эдилар. Ҳозирда эса айрим оталар фарзандининг қайси давлатда, нима билан шуғулланаётганини бировлардан эшитмоқдалар. Демак, бизнинг асосий вазифаларимиздан бири оталар мавқеини оилада кучайтириш. Бунинг учун аввало оналар оила бошлиғини ҳурмат қилишда фарзандларига ибрат бўлишлари керак.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир” (Абдуллоҳ ибн Амир).
Энг муҳими, ота-она фарзанди олдида яшаётган жамиятидан, турмуш тарзидан, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилардан нолимасликлари даркор. Акс ҳолда фарзанд қалбида жамият, яшаш тарзи ва инсонларга нисбатан ёмон фикр уйғонади.
Ҳаёт сабоқлари биз ота-оналарни фарзандлар улғайганда ҳам уларга бепарво бўлмаслик зарурлигини таъкидламоқда. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришдан яхшироқдир” (Термизий ривояти). Ўғил-қизлар қайси ёшда бўлишидан қатъи назар, тарбиясига эътибор қаратиб, улар фойдаланаётган компьютер, телефонлардаги интернет сайтлари мақсад-моҳияти нимага йўналтирилганини назорат қилиб боришлари керак.
Ачинарли ҳолатлардан бири шуки, айрим ота-оналар фарзандлари тезроқ ва кўпроқ пул топишини хоҳламоқдалар. Ота-онасининг, ўзининг орзусини амалга ошириш мақсадида чет элларга чиқишга ҳаракат қилаётганлар бор.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бирингиз раҳбарсиз. Ҳар бирингиз қўл остидагиларга жавобгар масъулдир”, деганлар.
Ҳар куни ҳар бир оилада фарзандларига тинчлик ва соғлик неъмати, унинг қадр-қиммати ҳақида сўзлаш ҳам ота-оналарнинг бурчи ҳисобланади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим, 7).
Айтиб ўтилган фикрлар ҳар бир инсонни ўз оиласи, Ватани тақдирига бепарво бўлмаслиги ва тинчлик неъматига ҳисса қўшиш учун масъулиятни ҳис этиб яшаши билан бевосита боғлиқдир.
 

Башоратхон АДҲАМОВА,
Фарғона вилояти, Қува тумани