Маълумки, исроф деганда кўпчилик табиий-моддий неъматларни, жумладан, хомашё, қувват манбалари, сув захираларини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлатишда меъёрдан ошишни тушунади.

Қуръони каримда исроф, исроф қилувчи (мусриф) сўзи йигирмадан зиёд оятда келган. Аллоҳ таолога ишонмаслик, Унинг ҳукмларига риоя қилмаслик ҳам ҳаддан ошиш, исроф экани таъкидланган: (Юнус, 83; Анбиё, 9; Ёсин, 19; Ғофир, 28; Зухруф, 5; Зориёт, 34). Зиёда еб-ичиш, тақиқланган маҳсулотни ейиш (Аъроф, 31), етим молига эҳтиётсиз муносабатда бўлиш, унинг ҳақини истеъмол қилиш (Нисо, 6), одам ўлдириш (Моида, 32; Исро, 33) ёки ўз жонига қасд қилиш (Зумар, 53) исрофгарлик бўлиб, икки дунёда, хусусан, охиратда қаттиқ азобга сабаб бўлиши айтилган.

Исроф инсон ҳаётининг деярли барча йўналишларида ҳаддан ошиш экани мазкур оятларда баён этилган. Исроф ҳам маънавий, ҳам моддий жабҳаларга тааллуқлидир. Энг хавфлиси маънавий исрофдир. Зеро, моддий исрофлар асосини маънавий исроф, яъни бузуқ эътиқод ёхуд илмсизлик-жоҳиллик ташкил этади. Бу ҳолат, аввало, илоҳий кўрсатма, буйруқ ва тақиқларни назар-писанд қилмасликда намоён бўлади.

Ҳар бир пайғамбар тавҳид, ҳақ йўлга тарғиб жараёнида улкан машаққат ва қийинчиликларга дуч келган. Пайғамбарларнинг маънавий даъватига бўйсунмаган турли қавмлар улкан ҳалокатларга учраган. Бундай қавмларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло исрофгар қавмлар деб атади. «“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш, (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”. У: “Раббим! Нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг, ахир (дунёда яшаган вақтимда) кўрувчи эдим-ку?!” дейди. (Аллоҳ) айтур: “Шундай. (Лекин) сенга Бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам “унутилурсан”» (Тоҳо, 124–126).

Дарҳақиқат, Одам фарзандлари унутувчандир (Тоҳо, 115). Бугунги кунда инсониятнинг аксар қисми ўз ҳаёти моҳиятини, яъни тавҳидга асосланган ибодат учун яратилганини унутгандек (Зориёт, 56; Бақара, 227). Ваҳоланки, «(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир» (Мулк, 2). Инсон зоти дини, ирқи, миллати ва қаерда, қай ҳолатда яшашидан қатъи назар, амалда бир ота-онанинг зурриётлари (Ҳужурот, 13) сифатида ўзига юклатилган юксак масъулиятни (Азҳоб, 72) бажариш учун солиҳ амаллар қилишда бутун бир жамият бўлиб ҳамкорлик қилиш (Моида, 2; Балад, 17; Аср, 3) ва шу йўлда мусобақалашиш лозимлигини (Муъминун, 61) кўпчилик унутди. Афсус, ўзининг бу дунёдаги ҳаёти жуда қисқалигини ва ўзи ҳам, бутун мол-мулки, бойлиги ҳам омонат эканлигини ва уларнинг барчаси Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога тегишлилигини эсдан чиқарганлар оз эмас (Бақара, 116, 284; Оли Имрон, 109).

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига имон келтирмаганларни шундай жазолаймиз. Охират азоби эса, шубҳасиз, (бундан-да) қаттиқроқ ва боқийроқдир» (Тоҳо, 127). “Ҳаддан ошиш” Қуръони каримда айнан исроф маъносида келган. Кўриниб турибдики, бундай исрофчилар ҳар икки дунёда ҳам зарарга учрашлари муқаррар. Ибн Касир ушбу оят тафсирида Раъд сурасининг 34-оятини келтиради: «Улар учун дунё ҳаётида азоб бўлур. Охират азоби эса оғирроқдир. Уларни Аллоҳ (азоби)дан сақловчи куч йўқдир». Демак, илоҳий таълимотга эътиборсизлик Аллоҳ таоло инсонга берган бебаҳо ҳадя ва омонат бўлган умрни зое – исроф қилишдир. Зеро, бу ҳолатда инсон дунё ҳаётидаёқ турли мушкулот ва балоларга учрайди.

Демак, исрофгар бўлмаслик учун ҳар бир инсоннинг нияти ва бутун ҳаёти фаолияти илоҳий таълимот талабига мос бўлиши, шу асосда умри, вақти, дақиқалари фақат яхши амаллар қилишга сарф бўлиши лозим.

Ҳозирги вақтда инсоният тинчлигини бузаётган турли адашган оқимларда тентираб юрганларнинг исрофчилиги боис дунё ҳаёти саробга, охират ҳаёти азобга айланиши аниқ. Аллоҳ таоло ҳар биримизни маънавий исрофлардан асрасин.

Шерали БЕРДИАЛИ ўғли