Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй мўминлар, бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар (масхара қилинган қавм) (Аллоҳ наздида) булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар (масхара қилинган аёллар) булардан яхшироқдир. Ўзаро бир-бирларингизни мазах қилманг ва бир-бирингизга лақаб қўйманг. Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзларига зулм қилувчидирлар” (Ҳужурот, 11).

Абу Журайж (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келиб, дедим: “Ё Расулуллоҳ, менга васият қилинг”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Бир киши айбингни билиб олиб, юзингга солса, сен унинг айбини билсанг ҳам, юзига солмагин. Балоси ўзига, савоби сенгадир”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Ойша (розияллоҳу анҳо): “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло мукаррам қилган инсон зотини ҳақорат қилиб, масхаралаб ва камситиб, оқибатда шу иллатлар туфайли икки дунё саодатидан бебаҳра қолишдан барчамизни Ўзи асрасин.

Абдусамад ТОЖИДДИНОВ тўплади.