Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Бу ой яқинлашиши билан айримлар “сафар ойида сафарга чиқса, тўй қилса, бўлмасмиш” каби миш-миш гаплар тарқатади.

Бир куни танишим менга қўнғироқ қилиб, домла, яқинда тўй қилмоқчи эдим, лекин хотиним ва қариндошларим сафар ойида тўй қилиб бўлмас экан, дея ҳоли-жонимга қўйишмаяпти, деди. Мен Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳадисларини далил қилиб, сафар ойи Исломда «сафарул хайр» – «сафар яхшилик» деб номланди. Кўп ишлар айнан сафар ойида бош­ланган, деб айтдим.

Гўё шу ойда бир балога учрамай деб, тўй ёки сафар қилмаслик билан айримлар ўзини ёмонликдан ҳимояламоқчи бўлади. Аслида инсон ирим қилиб ёмонликка учраши мумкин.

Имом Зуҳрийнинг ривояти билан манбаларда келтирилишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айнан сафар ойида қизлари Фотимаи Заҳрони Али (розияллоҳу анҳу)га никоҳлаганлар («Туҳфатул Муҳтож фи шарҳил Минҳож»).

Баъзилар сафарга чиқилган пайтда йўл устида учраган бойўғлининг товушидан ирим қилиш дуруст эмас. Чунки айрим одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларга ин қуради. Унинг емиши бўлган сичқон ва каламушлар, одатда, вайрона ва ташландиқ ерларда бўлади.  

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Турли хил бидъат-хурофот, ирим-сирим каби амаллардан сақлаб, илм орқали тўғри йўлни тушуниб етадиган бандалари қаторида бўлишимизни насиб этсин!

Хайрулла ТОҒАЕВ,
Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота”
жоме масжиди имом-хатиби