Дангасалик, эринчоқлик билан бирор ишни орқага суриш, галга солиш ёмон иллат саналади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни “алдаб қўювчидир”. (Улар) намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсин­га турадилар ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар” (Нисо, 142).

Бу оятда мунофиқларнинг намозга нисбатан салбий муносабатлари баён қилинмоқда. Чунки улар намознинг моҳияти ҳақида фикр юритмайдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Аллоҳ, Сендан ожизлик ва дангасаликдан паноҳ беришингни сўрайман”, деб дуо қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мунофиқлик, бўш вақтдан унумли фойдаланмаслик ва ҳаддан зиёд кўп овқатланиш дангасаликка сабаб бўлади. Мунофиқлик – ибодатларни бажаришда сусткаштликка йўл қўйишдир. Зеро, мунофиқ ибодат амалини бажарса ҳам, риё ва хўжакўрсинга қилади.

Бўш вақт – инсонга берилган неъматдир. Ундан тўғри фойдаланмаслик эса дангасаликка олиб келади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “На дунё, на дин иши билан шуғулланмай бўш вақтини бекор ўтказаётган кишидан ғазабланаман”.

Овқатланишда ҳаддан ошиш ҳам дангасаликни келтириб чиқаради. Ким одатдан ташқари еб-ичса, кўп ухлайди ва фойдали ишлардан бебаҳра қолади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам боласининг қорнидан кўра ёмонроқ (тўлдириладиган) идиши йўқ”, деганлар.

Олимларнинг таъкидлашича, кўп уйқу қалбни ўлдиради, танани оғир, ҳолсиз қилиб қўяди, вақтни зое кетказади.

Кишининг дангаса бўлишига муҳит ҳам катта таъсир кўрсатади. Агар атрофдагилар ялқов, ишёқмас бўлишса, бу ҳолат бошқаларга ҳам юқади.

Дангасалик дангасаликка сабаб бўлувчи омилларнинг зиддини қилиш билан даволанилади.

Буюк неъмат бўлган вақтнинг қадрини билиш, ундан унумли фойдаланиш дангасаликдан қутулишнинг бирдан-бир чорасидир. Шифокорлар оз-оздан ҳар икки-уч соатда таомланиб туришга буюрадилар. Бунинг натижасида, инсон кўп овқатланишдан сақланади ва дангасаликдан халос бўлади. Уйқу инсонга берилган инъомдир. Ҳар нарсада мўътадил бўлиш суннат. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ишларнинг яхшироғи, унинг ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Шунинг учун уйқуни тартибга солиб, эрта ухлаб, саҳар туриш лозим. Бу инсоннинг дангасалигини даволашда яна бир муҳим омилдир.

Хулоса қилиб айтганда, бўш вақтдан унумли фойдаланиб, эзгу ишларни амалга ошириш, еб-­ичишда мўътадил бўлиш, яхши дўст танлаш, турфа алдамчи ўйларга берилмаслик дангасаликдан қутулишнинг энг осон йўлидир.

Манбалар асосида
Абдуллоҳ ҚОСИМ тайёрлади.