Маънавий ҳақдан мурод, бу ўринда, муаллифлик ва ихтиро ҳуқуқидир. Китобнинг муаллифи маънавий ва молиявий ҳақларга эга бўлади. У таълиф қилган китоб, орадан қанча вақт ўтса ҳам, ҳатто вафотидан сўнг ҳам унинг шахсига нисбат берилади. Бу унинг маънавий ҳақидир. Бошқа бирор киши уни ўзлаштириши, муаллифнинг номини тушириб қолдириб, уни ўзига нисбат бериши мумкин эмас.
 
Китоб нашр қилингач, муаллифга бериладиган пул молиявий ҳақдир. Бу ҳақ муаллиф ҳаётлик чоғида унинг ўзига, вафотидан сўнг эса ворисларига берилади.
 
Бугунги кун­да чоп этилаётган баъзи китоб­лар­нинг охирги саҳи­фасига: “Муал­лиф рухсатисиз нусха кўчиришнинг барча турлари ва сотиш шаръан ҳаром, қонунан ман қилинади”, деб ёзилмоқда. Ана шундай қайдлар қўйилган китобдан муаллифнинг рухсатисиз нусха кўчириш, уни сотиш мумкин бўлмайди, акс ҳолда муаллифнинг маънавий мулкига тажовуз бўлади.
 
Ислом Фиқҳи Академиясининг Қувайт давлатида ҳижрий 1409 йил, Жумодул аввал ойининг 1–6-кунлари, милодий 1988 йил, 10–15 декабрь кунларида ўтказилган мажлисининг “Маънавий ҳақлар тўғрисида”ги қарори:
 
Аъзо ва экспертларнинг “Маънавий ҳақлар”ни ўрганиб, у ҳақдаги баҳс-мунозараларни эшитгандан сўнг Мажлис қуйидагича қарор қабул қилади: “...Учинчи банд: Таълиф-муаллифлик, кашфиётчилик ва ихтиро ҳақи шаръий ҳимояланган бўлиб, эгалари (хоҳлаганларидек) тасарруф қилиш ҳақига эга. У ҳақларга тажовуз қилиш жоиз эмасдир!”
 
Аммо муаллифнинг рухсатисиз унинг китобидан иқтибос келтириш мумкин. Чунки ҳар қандай иқтибос учун муаллифдан шахсан рухсат олиш мушкулдир. Кейинги аср олимлари аввалги уламоларнинг исмлари ва китоб­ларининг номини келтирган ҳолда, улардан нақл қилиб, кўчириб, иқтибос шаклида ўз китобларига киритганлар. Иқтибосда китоб ва унинг муаллифини аниқ кўрсатиш лозим. Иқтибос олинган сатр ё саҳифани ўзлаштириб олиш, китобнинг ва муаллифининг номини қасддан тушириб қолдириш шаръан мумкин бўлмайди. Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Биргина сўз бўлса-да, уни эгасига нисбат бериб: “Менга бу сўзни фалончи айтган”, дейиш ҳақиқий марднинг ишидир», деган. Келтирилган иқтибоснинг асл манбасини кўрсатмаслик хиёнат бўлади.
 
Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда (раҳимаҳуллоҳ) «Қийматуз замон индал уламо» китобида бундай дейди: «Олимлар: “Илмий жумла ва сўзларни ўз айтувчиси ёки нақл қилувчисига нисбат бериш – омонатдир”, дейилган».
 
Китобни нашр қилиш ҳақини муаллифга тайин қилиш, уни рух­сатисиз чоп эти­лишини тақиқ­лаш бу илмни одам­лардан яшириш, китобхонлар орасида китобни қўлма-қўл бўлишдан тўсиш эмас. Бир китобнинг ёзилиши учун бир неча ой ва йиллар сарфланади. Китоб ёзиш йўлида муаллиф тунни кунга улаб, меҳнату машаққатлар ва қийинчиликларни енгиб ўтади. Маълум миқдорда сарф-харажат ҳам қилади. Баъзи кимсаларнинг муаллиф рухсатисиз, унинг ҳуқуқини поймол этиб, қалам ҳақи тўламасдан, тайёр китобни чоп этиши ўзганинг ҳақига хиёнат бўлади.
 
Ислом шариати мусулмонларга ўз ризқини ҳалол ва покиза йўл билан топишга буюриб, бошқанинг ҳақини ейишдан қайтаради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
 
«Мол (ва бойлик)ларингизни ўрта­ларингизда ботил (йўллар) билан емангиз!...» (Бақара, 188). Мазкур оятга амал қилган инсон бошқанинг ҳақига кўз тикмай, ўз қўл меҳнати билан кун кечиради. Ўзганинг молиявий ва маънавий ҳақларини поймол этмайди.
 
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Омонатдор бўлмаган кимсанинг имони йўқ. Аҳдига вафо қилмаганнинг дини йўқ”, дедилар» (Табароний ривояти).
 
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси 
Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли
тайёрлади.