Ҳозирги кунда, кишилар ўртасидаги катта муаммолардан бири, қарз муомаласи бўлиб, кўпчиликнинг қарз бериб, қайтиб ололмаётганидан шикояти тез-тез қулоққа чалинади. Аслида, ўзидан орттириб, бировга қарз берган одам, қарз олувчига ёрдам кўрсатишни ният қилади ва бу амали учун савобга эришади. Қарз олувчи эса, мушкул бир ҳолга тушиб қолган вақтида мурувват кўрсатган одамдан миннатдор бўлиб, ҳатто қарзини узгач ҳам, ўзини ундан гўёки қарздордек ҳис қилиб юради. Пировардида, икки инсон ўртасида ўзгача ҳурмат ва эҳтиром  пайдо бўлади. 
Афсуски, бугунги кунда олди-берди масаласи шартларига риоя қилмаган инсонлар ўртасида тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Бу кўпинча улар ўртасида ўзаро адоват ва нафрат ўтининг аланга олишига сабаб бўлмоқда. Ҳатто, кўп йиллик қадрдон дўстлар орасига совуқчилик тушиб, оға-инилар юзкўрмас бўлишмоқда, қўни-қўшнилар эшикларини терс ёпиб, тижорий ҳамкорлар бир-бирларига ашаддий рақибга айланмоқда.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”» (Имом Бухорий).
Ҳадиси шарифда, қарз олувчи, қарз олаётган пайтида, ниятини яхши қилиши лозимлиги таъкидланмоқда. Яхши ният қилиб, албатта, қарзимни узаман, деб ҳаракат қилса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Аммо нияти бузуқ бўлса, қарзини ҳам узолмай, бадном бўлиши ҳақида огоҳлантирилмоқда.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир” дедилар (Бешовлари ривоят қилишган). 
Ҳадисдан шуни англаш мумкинки, бир киши, моддий имконияти етарли бўла туриб, ўз зиммасидаги қарзни адо этмай юриши, золимлик экан. У инсон, қарз берганга ҳам, ўзига ҳам зулм қилган ҳисобланади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай зулмга учрасалар, ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади. Қарз банданинг ҳақи, у ҳақни фақат эгаси кечиради, холос. Эгаси ҳақидан кечмагунча, Аллоҳ таоло ҳам кечирмайди.
Хулоса қилиб айтганда, ўзганинг ҳақини, яъни олган қарзни қайтармаслик кишининг икки дунёси учун ҳам зарардир.
 
Мусахон БОБОЕВ,
Чирчиқ шаҳар, “Амир ўғли Ҳасанбой” жоме масжиди имом-хатиби.