Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатларга ружу қўйиш, уларга буткул боғланиб қолиш кишини тубанлик жарига қулатади. Наркотик моддаларга боғлиқлик уч босқичдан иборат: биринчи босқичда, киши ўзини ушлаб қолиши, бу ишдан юз ўгириб кетиши мумкин. Аммо кўпинча “хоҳлайман – хоҳламайман” деган иккиланиш орасидан “хоҳлайман”ни танлайди. Баъзан бунинг ёмонлигини, зарарлигини билади, лекин ёлғончи бир ички куч: “хоҳлаган вақтингда ундан қутулишинг мумкин”, деб уни ишонтиради. Ана шундан кейин иккинчи босқичга ўтади ва фақат гиёҳванд моддалар истеъмол қилишни хоҳлайди. Учинчи босқичда бутунлай ушбу моддаларга боғланиб қолади. Энди бундан осонликча қутула олмаслиги аниқ бўлади.
 
Ушбу моддаларни истеъмол қилувчи шахс, ўзини ҳалокатга ташлаб, кундан-кун залолат ботқоғига ботиб бораверади. Бу заҳар унга жуда секинлик билан таъсир қилади. Табиийки, охири ўлим билан якун топади. Ислом таълимотида, ўзини ўлдириш, ҳалок қилиш оғир гуноҳдир. Нисо сурасининг 29-оятида: «...Шунингдек, ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир», дейилади.
Шубҳасиз, ҳалокатга олиб борувчи барча маст қилувчи моддалар, лаънати шайтоннинг ишларидандир. Аллоҳ таоло бундай дейди: 
«Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очиладиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлослик­лардирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингиз­га адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?» (Моида, 90–91).
Ояти каримада ҳалокатга етакловчи иллатлар шайтоннинг ишларидан деб огоҳлантирилмоқда. Шайтоннинг мақсади эса бандани Аллоҳ таолодан узоқлаштириш, Унинг зикри ва ибодатидан чалғитиш экани уқтирилмоқда. Бу йўл орқали жамиятда нифоқ, ихтилоф, уруш ва нафрат туғдириш экани очиқ айтилмоқда.
Гиёҳванд моддалар ва ичимликнинг зарари кенг қамровли бўлиб, жумладан, инсон соғлиғига зиёни, вақтни исроф қилиш, мол-дунёни совуриш, хусусан, оилаларнинг бузилиб кетиши, ногирон фарзандларнинг туғилиши, қариндошлик ришталарининг узилиши, одамлар ва жамият билан мулоқотнинг заволга учраши, ҳаётидан барака ва файзнинг кетиши ҳам шулар жумласидандир. Бу иллатларга мубтало бўлганларнинг бошига ёғиладиган муаммолар қор кўчкиси каби кўпайгандан кўпаядики, асло камаймайди. Бундай одамга: “Ўзингни босиб ол”, “ҳаддингни бил”, деб инсофга чақириш таъсир қилмай қўяди.
Гиёҳванд моддалар киши ақлини, хаёлини чулғаб олиб, яна ва яна истеъмол қилишга ундайверади. Хумор тутганда инсон ақлга эмас, нафс хоҳишига муте бўлади. Натижада, ўша инсон ҳаётида, қолаверса, жамиятда кўнгилсиз ҳолатлар кўпаяди.
Ислом дини ҳаммага соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади. Чунки инсон тетик, эс-ҳуши жойида, ақлу заковати ва фаҳму фаросати расо бўлсагина тоат-ибодатга, эзгу ишларга интилади.
Демак, ҳаёт инсонга, нафснинг кайфу сафоси ёки ўзи ва ўзгаларга зарар етказиш учун эмас, балки Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва яхши ишларга бел боғлаш учун берилган экан. Зеро, Яратганни таниб, Унга ибодат қилувчи банда, фақат ва фақат эзгу амаллар билан машғул бўлади. Яқинларининг дунё-охиратини обод қилишга қайғуради ва ҳар бир ишида Аллоҳнинг розилигини топишга ҳаракат қилади.
Хулоса ўрнида Жалолиддин Румийнинг қуйидаги пурмаъно сўзларини келтириб ўтиш ўринлидир: “Тириклик – бандалик қилиш учун берилган, бандаликсиз тириклик, шармандаликдир”. Шундай экан, тирикликнинг моҳиятини англаб, умрни беҳуда ишлар ва вақтинчалик кайфу сафога эмас, яхши ишларга сарфлайлик, зотан умр фақат эзгуликка йўғрилсагина, мазмунли бўлади.
 
Зокиржон ШАРИПОВ,
Тошкентдаги “Яккасарой” жоме 
масжиди имом-хатиби