Инсон ҳаётида ақида ўта муҳим аҳамиятга эга. Тўғри ақида дунёда саодат ва охиратда нажот ҳамда жаннат эшикларини очади. Банданинг қилган солиҳ амаллари, унинг ақидаси, эътиқодига боғлиқ. Нотўғри ақида боис савобли амаллар ҳам қабул бўлмайди, йўққа чиқади. Шунинг учун, буюк мутасаввиф олим Сўфи Оллоҳёр бобимиз: “Ақида билмаган шайтона элдир, агар минг йил амал деб қилса, елдир”, деб таъкидлаган.

Халқимиз менталитетидан дин таълимотлари чуқур ўрин эгаллаган. “Фалон ишни қилсанг савоб бўлади”, “унисини қилсанг фарзанд кўрасан”, “бунисини қилсанг ниятингга етасан”, дейилса, одамларнинг ўша ишни бажариши бор гап.

Аммо баъзиларнинг қабр олдида сажда қилгандай ётиб олиши, атрофини айланиб тавоф этиши, зиёратгоҳларда дарахтларга ип боғлаб, “ният” қилишлари жуда ачинарли ҳолдир.

Динимиз қабрга сажда қилишдан қайтаради. Шунингдек, банданинг бандага сажда қилиши ҳам мумкин эмас. Инсон қабрга ёки бошқа шахсга ибодат маъносида сажда қилса, дунё ва охират саодатидан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло такрор-такрор огоҳлантирган:

“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт, 56). “…Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110). “…Қасамёд этаманки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!” (Зумар, 65).

Барча дуолар Аллоҳ таологагина қилиниши ва хоҳиш-истаклар Ундангина сўралиши лозим. Қабрга сажда қилиб, атрофини айланиб тавоф қилувчилар ва дарахтга ип боғловчилардан: “Шу ишдан мақсадингиз нима?” деб сўралса, баъзилари фарзанд талабида эканини, бошқалари бахт излаб келганини ва яна бошқаси ўзга бир ҳожати борлигини айтади.

Фарзанд талабида бўлган одам, тиббий кўрикдан ўтиб, шифокорларнинг маслаҳатларига амал қилиб, муолажаларни тўлиқ бажариб, Аллоҳ таолога ёлвориб: “Эй Раббим, фарзанд кўриш учун барча сабабларни имконим даражасида бажардим. Фарзанд менинг ҳаётим, диним, дунё ва охиратимга манфаатли бўлса, менга фарзанд бергин”, деб чин кўнгилдан, ихлос ва муҳаббат ила дуо қилиши лозим.

Бошқа ҳожати, хоҳиш-истаклари бўлганлар ҳам мақсадига етиш учун ана шундай йўл тутиши керак. Чунки бу дунё сабаблар олами. Сабабни бажариб, Аллоҳ таолога чин қалбдан дуо қилинади. Аллоҳ таоло Меҳрибон ва Раҳмли Зот, фазлу карами чексиз, сўровчига сўраганини ато этади.

Кейинги пайтларда қабристонлар олдида зиёратчилар кўп келадиган кун гул бозорлари ташкил бўлаётир. Бу қанақаси?! Ахир қабрга гул қўйиш ўзга халқ, ўзга миллатлар одати эди-ку!

Бу каби ишлар ёшларимизни соф Ислом ақидасидан узоқлаштиради. Шу кунларда дунёга келган чақалоқлар 20 йилдан сўнг, «Бу иш ота-боболаримдан қолган урф, бажармасам, “гуноҳкор бўламан”, деган фикрга бормайди», деб ким кафил бўлади? Бу ишлар бошқа миллатларга очиқдан-очиқ тақлид эмасми? Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ўзини бошқа қавмга ўхшатса, у ўшалардандир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Қабрга қўйилган гулнинг марҳумга ҳеч фойдаси йўқ. Зиёрат қилувчига моддий зарар, исрофдир, холос. Қабристон турли-туман гуллар билан безатиладиган сайлгоҳ эмас, балки одамга ўлимни эслатиб, ибрат дарсини берадиган манзилдир.

Юқорида зикр қилинган иллатларнинг сабаби муқаддас динимизнинг асл моҳиятини тушуниб етмасликдир. Шунинг учун Ислом дини асоси – ақида илмини ўрганиш лозим.

Қабристонга келувчи зиёрат одобларига риоя қилиши керак. Қабристонга кираркан: “Ассалому алайкум ё аҳлал қубур. Ва инна иншааллоҳу бикум лаҳиқун (Эй қабристон аҳли, сизларга саломатлик бўлсин. Аллоҳ хоҳласа, биз ҳам сизларга қўшилувчимиз)”, деб салом беради. Қабри зиёрат қилинаётган ва қабристонда ётган барча мусулмонларнинг руҳларига бағишлаб, Фотиҳа сураси бир марта, Ихлос сураси уч марта ўқилади, мағфират сўраб дуо қилинади. Шунингдек, Ёсин ва Мулк суралари ўқилса ҳам савоби улуғ бўлади.

Қабрнинг устида ўтириш, босиб юриш, унга юзланиб намоз ўқиш мумкин эмас. Қабр зиёратини белгиланган вақти йўқ, исталган вақтда зиёрат қилиш мумкин.

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли