Мақолалар

Бу пойгага бутун Америка бойлари келади, пул тикади ва одам савдоси билан шуғулланади

Чоп этилди Aprel 2, 2020 Бу пойгага бутун Америка бойлари келади, пул тикади ва одам савдоси билан шуғулланадиda fikr bildirishni o'chirish

“Одам савдоси” атамаси – қашшоқлик, коррупция, зўравонлик, уюшган жиноятчилик авж олган камбағал давлатлар билан боғлиқ тушунча. Шу билан бирга, ривожланган давлатларда ҳам ёш қизларни ўзларининг шахсий мулки деб ҳисоблаб уларни алдаш, қўрқитиш йўли билан сотиб оладиган, сотиб юборадиган, олиб-сотадиган бандалар кам эмас. Кўпинча уларнинг  “фаолияти” ошкора юз беради ва ҳатто одатий анъана ҳисобланади. Хусусан, АҚШда ҳам от пойгаси вақтида ёш қизларнинг олди-сотдиси аллақачонлар оммалашган кўнгилхушликлардан бирига айланган.

Луисвилл –  Кенкутти штатининг Огайо дарёси бўйидаги сокин шаҳри. Бу шаҳар аҳолиси ҳали ҳам ёнидан ўтиб қолган нотаниш киши билан шляпасини бошидан ечиб «сэр» ёки «мэм» деб саломлашади. Шаҳарнинг асосий кўчаси деярли ҳар доим бўм-бўш бўлади. Энг қашшоқ районлар аҳолиси эса  уйида ўтган-қайтган машиналарга жилмайиб қўл силкиб ўтиради. Бир қарашда, бу ерда ҳеч қачон, ҳеч нарса содир бўлмайдигандек, ҳаёт шунчаки ўз оқими бўйлаб давом этаётгандек, бир-биридан фарқ қилмайдиган кунлар тунга, тунлар кунга шунчаки алмашаётгандек туйилади.

Бироқ ҳар йили май ойининг биринчи шанбасида ҳаммаси ўзгаради – шаҳар жонланади. Шаҳарни бутун дунёдан йирик от спорти мусобақасига қатнашиш учун келган минглаб меҳмонлар тўлдиради. “Спортдаги энг буюк икки дақиқа” –  бундай машҳур унвон Кентукки дербисида (Де́рби (ингл. derby) – бир шаҳар ёки минтақадаги рақиблар ўртасидаги спорт мусобақаси, умуман олганда, у – қўшнилар  ўзаро беллашадиган ўйинлар) 1875 йил май ойининг биринчи шанба куни бўлиб ўтган от пойгасига берилган. “Forbes” дунё тарихидаги энг муваффақиятли спорт турлари ўнталигига киритган от спортини маза қилиб томоша қилиш учун Луисвиллга ҳар йили 150 мингга яқин киши келади.

«Черчилль-Даунс» отчопарининг нуфузли Millionaires’ Row секциясида энг ҳашаматли  чавандозлар кийимини  кийиб, энг қимматбаҳо шаробларни ичиб юрган бадавлат одамларни учратасиз. Ҳатто оддий кириш чиптасини сотиб олганлар ҳам бу ерга қувноқ кайфият билан келади ва вақтини чоғ ўтказиш учун ҳарқанча пул сарфлашга тайёр туради. Бу ҳақда фақат пойгаси ташкилотчилари эмас, сутенерлар (фоҳиша ўйнаши – маъшуқаси ҳисобига яшовчи эркак киши, даюс) ва қулжаллоблар ҳам яхши билишади. “Спортдаги энг буюк икки дақиқа” кўплаб инсонлар ҳаётининг энг даҳшатли кезлари бўлиши мумкин.

Invision / AP фотоси

Кентукки дербиси – одам савдоси бўйича машҳурлик жиҳатидан АҚШда америкача футбол чемпионати финали Суперкубогидан кейин иккинчи ўринда туради. Қўшма Штатларда одам савдоси йилдан йилга ортиб бораётир, йирик спорт тадбирлари эса тирик товарни олиш ва сотишни истовчилар учун қулай бозорга айланмоқда. Аммо сутенерларнинг қурбонлари  – қизлар ва аёлларнинг ҳаёти калтакланиш, зўрланиш, таҳдид ва қийноқлардан иборат бўлиб, бу – улар чиқмоқчи бўлган аянчли  доиранинг бир қисми, холос.

Қизларнинг кўпларининг танасига қайси сутенерга тегишли эканини билдирувчи тамға ёки татиуровка босилган. Бундай тамғалар аёлларни узоқ жойга хизмат сафарига – масалан, Кентукки ёки шунчаки “тунги смена”га юборишдан олдин уларни бошқаришнинг руҳий ва жисмоний шакли сифатида қўлланади. Қизларнинг эътироф этишича, бундай тамға босилганлар бошқа шаҳарларга, ҳатто бошқа давлатларга сафарга чиққанидан кейин ҳам, албатта, қайтиб келадилар.

2019 йил ҳам сифатда жиддий ўзгаришлар бўлмади: 4-5 май, дам олиш кунлари Кентукки полицияси одам савдосида айбланган тўрт кишини ҳибсга олди. Полиция ходимлари 13 нафар тутқуннинг шахсини аниқлади – уларнинг баъзилари вояга етмаган шахслар бўлиб чиқди. Бир неча ой бурун 53-Суперкуб бошланиши арафасида Жоржия штатининг Атланта шаҳрида жинсий-қуллар савдоси билан шуғулланувчи 33 киши қўлга олинди. Лекин  бу ишлар улкан айсбергнинг бир учига қўл теккизиш билан баробар эканини ҳамма билади.

У ўйлаган йигит эмаскан

Саммер Дикерсон бу “ўйин”га кириб, қулжаллобларнинг қўлига тушиб қолганида 17 ёшда эди. Унинг кўргиликларининг сабаби бир йигитни севиб қолгани бўлди. Йигит эса қизнинг севгисига жавобан тўкин ҳаёт ваъда қилди. Бироқ ёрқин келажак ўрнига уни  тутқинлик, жисмоний, руҳий, жинсий зўравонликлар кутиб олди.

«Бу манипуляция формаси, дейди Саммер.  У ростдан ҳам йигитингиз каби меҳрибонликлар қилади. Кейин эса: “Жонгинам, мен учун бир иш қилишингни истайман”, деб қолади. 

Саммернинг йигити  меҳмонхонада “ниманидир”  унутиб қолдирганини айтиб ундан ўша нарсани олиб келиб беришни илтимос қилади. Қиз рози бўлади ва ўша меҳмонхонада ўзини сотиб олган биринчи  одамга дуч келади.  У ҳеч нимадан шубҳаланмаган Саммерга “сотилгани ва харид қилинганини” тушунтиради, кейин эса номусини топтайди.

У менга: “Сени сотиб олдим, нимани истасам ўшани қиламан” деди, – дея хотирлайди Саммер. – Мен уйга қайтиб келиб, ҳаммасини йигитимга айтиб бердим.  У эса: “Бу энди сенинг ҳаётинг”, деб жавоб қилди ва мени ўласи қилиб калтаклади. Вазиятдан чиқиш йўлини топа олмадим ва у ерда қолишга мажбур бўлдим”.

 Саммер Дикерсоннинг айтишича,  бир кечада уни 30 мартагача сотган ва 1000 долларлаб пул ишлаб олишган. Унинг ҳаёти дўзахга айланади, гиёҳвандлик ва спиртли ичимликлар тириклиги механизмига айланади – у фақат ана ўшалар ёрдамида қисқа вақтга бўлса-да, ҳаммасини унутади ва яшашда давом этади.

Мени Нью-Йоркка, Чикагога, Луисвиллега – ҳамма жойга сотишда, – дея хотирлайди у. – Millionaire’s Rowдаги дербида ўтирганимда ҳеч ким менинг қурбон эканимни фаҳмламади.  Менинг сотувчим  бир эркакка сотган эди, у отчопардан чиқишимиз билан мени дўппослай кетди”.

Тутқинликдаги вақтида унга бешта сутенер бешта тамға босишга улгурди. Ўнг биқинидаги бошида тожи  бор мовий қуш тасвири – Саммернинг мудҳиш ўтмишидаги охирги тамға бўлса керак. Яқинда у бу қуллик тамғасидан бутунлай қутулади. Аммо турли “харидорлар” ва сутенерларнинг ваҳшиёна муносабатлари – уриш-қийнашлари натижасида орттирилган руҳий зарбалар ва саломатлиги билан боғлиқ муаммолардан қутулиши осон бўлмас, ҳойнаҳой.

Луисвиллдаги “Омон қолганлар бурчаги” асосчиси Донна Поллард,

“Мени пистолетдан отишди, машинадан улоқтиришдиТомоғимга пистолет тиққанларидан сўнг янги тиш қўйдиришга мажбур бўлдим, – дейди у. –  Сотиб олувчилар бошимга, белимга аёвсиз тепиб-урарди…  Жароҳатларим ҳали ҳам оғриқ беради… Баъзилар мени стриптизша ва фоҳиша деб ўйлаб, шундай муомалага лойиқ ҳисоблайдилар. Аммо қийноқ камерасида азобланишга, беаёв калтакланишга лойиқ эмасдим”.  

“Менга кийим-кечак ва бошқа нарсалар беришарди, аммо пул беришмасди, унинг (йигити бўлса керак) айтишича, қарзимни қутулаётган эканман”, – дейди Саммер.  Бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эмаслиги аён бўлганидан сўнг Саммернинг ҳаёти бирданига ўзгарди – уни Горилла лақабли қулжаллобга сотиб юборишди. Бундай лақабни аёллар ўзи айбдор деб билган қизларни ҳеч ўйламасдан ўлдириб юборадиган баджаҳл ва ваҳший сутенерларга беради.

Агар ҳозир у тирик бўлганида мен ҳозиргидек хотиржам ўтира олмасдим, у мени топиб ўлдирарди ёки болаларимни ўлдиришга ҳаракат қилган бўларди, – дейди Дикерсон. – У қип-қизил жинни эди. Бир марта мени деярли тириклай кўмди ҳам. У чуқур кавлади ва мени унга ётқизди.  Ўша ҳолатда: “Сени ўлдираман… Аҳмоқлик қилма” , деди. Сўнгра мени чуқурдан тортиб олдида шкафга бир неча соат қамаб қўйди.             

Дикерсон сутенер Горилла ўзининг кўз ўнгида бир қизни қандай ўлдирганини хотирлайди.

Аёлларни ўлдириш қул савдосида – одатий ҳодиса.  Агар аёлни сутенер ўлдирмаса, бу ишни сотиб олувчи қилади. Саммернинг жинсий-қул бўлган яқин дугонаси  шундай қотиллик қурбони бўлган.

Биз – одамлар ўлигимизни дарё бўйларидан, ахлат идишларидан топиб оладиган қизлармиз, Бир сўз билан айтганда – чиқинди. Аммо биз ахлат эмасмиз-ку, биз – кимнингдир қизи ёки онасимиз, – дея мунозара қилади Саммер. – Бироқ бу дунёда фойда келтириб туришдан тўхтасанг, сени ўлдиришади”.

Ушбу телба ва шафқатсиз “ўйин”дан омон қолган ва ўзлари орзу қилган эркинликка эришганлар, ўзларининг жисмоний ва руҳий соғликларини тиклаб  олишлари учун жуда кўп вақт керак бўлади.

Сокин бандаргоҳ

Саммер Дикерсон сутенерлардан қочган ёки оиладаги зўравонликни бошдан кечирган аёллар учун ўзига хос бошпана қуришга муваффақ бўлди «Эстер уйи» манзили қочоқларни излаб юрган “хўжайинлари” топиб олмаслиги учун сир сақланади. Ушбу икки қаватли бинони бир вақтлар Саммерга маҳаллий черков пастори ҳадя қилган эди. Уй реабилитация маркази сифатида ишлайди: унда бир  вақтнинг ўзида 18дан 60 ёшгача бўлган саккизтагача аёл яшайди. Уларга бу ерда психологик ёрдам кўрсатилади, семинар ва лекцияларда турли дастурлар доирасида ҳаётга қайта мослашишга ўргатилади. “Эстер уйи” асосчисининг айтишича, ташкилотни очишдан мақсад – жабрдийда аёлларни ҳаётини ўзгартириш мумкинлгига ишонтиришдан иборатдир.

“Биз уни шогирдлик дастури деб атаймиз, – дейди Дикерсон. – Биринчи босқич – ҳаётни севишни ўрганиш, яраларни тузатиб олишга имкон бериш, ўзи ҳақида қайғуриш. кейин эса ишга борамиз. Мен муҳаббат нималигини биламан. Унинг учун курашиш ҳаммасидан яхшилигини биламан. Мен уни сақлаб қолишини биламан. Бундай одамлар қоралаш ва нафратга дуч келишади, аммо унга ёпишиб олиш оқилона иш эмас. Мен уларни яхши одамлар сафидан жой олишига ундайман”.   

“Эстер уйи” аёллари ичида гиёвандликка ўргатиб қўйилганлари бўлса, уларга тиббий, руҳий   ёрдам кўрсатилади. Дарсларда  аёлларга ўзларининг фикрларини ҳимоя қилишга, иш юритишга, муаоммоларни муҳокама қилишга, уларни бартараф этишга, бир-бирларига ҳурмат-эътиборда бўлишга ўргатилади.

“Биз харидорларни жавобгарликка тортишга эришишимиз керак, – дея ўзининг нуқтаи назарини тушунтиради Саммер. – Бурунги замонлардаги қонуний қулларга ўхшаб бугунги қуллар пахта термайди, темир йўл қурмайди. Энди уларни меҳмонхона номерларида дўппослайди. Агар мен инсонни сотиб олсам – нима деб аталишидан қатъи назар бу – қулдорлик”.

“Эстер уйи”ни ташкил этиш Саммер Дикерсоннинг лойиҳаси. У бу ишга бутун борлиғи билан берилган. Ўзидан ёрдам сўраб келган аёллар, қайсидир маънода, Саммернинг  ўзини ҳам қутқаради.

Энди мен бахтлиман, – дейди у. – Менинг аниқ мақсадим бор, хотиржамликка эришдим. Ўзимнинг қадримни биламан. Мен – омонман. Мен – жангчиман”.

Озодлик бу – қуллик эмас 

Саммер фақат қочиб келганларни қутқариш билан кифояланиб қолмасдан, асираларни қутқариш ва сутенерларни ушлаш ишларида фаол қатнашиб келмоқда. Бу йил Луисвилл полицияси  ва одам савдосига қарши курашувчи фаоллар шаҳарга фақат дерби ишқибозлари эмас, сутенерлар ҳам келиб тирик товарларига харидор қидиришини эълон қилиб, аҳолини ҳушёрликка чақирди. Кентукки бош прокурори Энди Бишэр одамларни огоҳликка даъват этиб, агар қулжаллоб ва уларнинг қурбонларини учратиб қолса дарҳол полицияга хабар беришга унловчи плакатлар чиқартирди.

Кентукки штати бош прокурори Энди Бишэр

Плакатда замонавий қулларнинг белги-аломатлари жуда аниқ тасвирланган: улар “гуруҳ бўлиб юради”, “бир хил татиуровка ёки тамғаси бор”, “қайси шаҳарда ёки штатда эканини фарқлай олмайди”. Шунингдек, уларни ҳорғин қиёфаси ва танасига етган шикастлар,  кўз билан ишора қилишдан ва ёдланган иборалар орқали алоқадан қочиш истагидан ҳам таниб олиш мумкин.

2018 йил Суперкубок бошланиши олдидан Кровн коллежи талабаси одам савдосидан азият чеккан оилалар билан биргаликда ибодат юришини ташкил қилди. Баъзи черковлар жамоасига жабрланганларга қандай ёрдам бериш кераклиги ўргатилди ва меҳмонхона ходимларига ҳушёр бўлиб меҳмонларга диққат билан қарашга чорланди. Натижада 36 сутенер қўлга олинди, 14 аёл тутқунликдан озод этилди. Дикерсоннинг айтишича, сутенерлардан қутулиб олган аёллар қулликдаги аёлларни дарров таниб олади.  Махсус хизматлар дерби вақтида ёрдам бериш учун уни бир неча марта Чикаго ва Луисвиллга олиб боришган.

БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, одам савдоси бир йилда 150 миллиард АҚШ доллари фойда келтиради ва шундан 99 миллиарди жинсий эксплуатациядан олинади. Ҳозирги вақтда дунё бўйича 40 миллионга яқин киши одам савдосининг турли кўринишларидан азият чекмоқда.

“Агар пистолетингиз бўлса, уни фақат бир марта сотасиз. Агар менда  сиз бўлсангиз, мен сизни қайта-қайта сотавераман, сутенерларлар ана шундай фойда олади”, дейди Саммер Дикерсон.

“Озодлик мамлакати” деб дунёга жар соладиган АҚШнинг аҳволини қаранг:  Луисвилл университети 2013-18 йиллар оралиғида қул савдоси бўйича ўтказган тадқиқотнинг 95та ҳолатида қулларнинг 87 фоизини аёллар ташкил этаётгани, уларнинг аксарини оила аъзоларидан бири қулликка сотиб юборгани маълум бўлган.

Ушбу индустрия жамият қурбонлари: фоҳишалар, гиёҳвандлар, бошпанасизлар, уйидан қочиб кетганлар билан қувватланади. Қулликнинг глобал индекси шуни кўрсатадики, ўтган йил Қўшма Штатларда қул савдосига 403 минг киши қўшилди, аммо бу маълумот хийла баланд бўлгани тахмин қилинмоқда.

2018 йил Миллий қул савдоси бўйича тезкор телефон линияси Қўшма Штатларнинг барча штатларида 5,1 минг одам савдоси билан боғлиқ вазиятни қайд этди. Мамлакат Адлия вазирлиги статистикасида қайд этилишича, 2012 йил жабрланувчиларнинг тўртдан бир қисми оқ танлилар, яна тўртдан бир қисми лотинамерикаликлар ва 40 фоизи – африкоамерикаликлар экан. Янада даҳшатлиси, уларнинг катта қисми болалардир.

Маккейн институти қошидаги Одам савдоси бўйича маслаҳат кенгаши раиси Синди Маккейн ўтган йилнинг баҳорида Нью-Йоркда бўлиб ўтган “Дунёдаги аёллар” саммитида сўзлаган нутқида: “Одам савдоси – шунчаки катта муаммо эмас, у ҳақиқий эпидемия”: “У ҳамма нарса очиқ-ойдин кўриниб турган жойда яширин. У ҳамма жойда, ҳар қадамда ортимиздан пойлаб юрибди”, деган эди.

Интернет манбалар асосида Дамин ЖУМАҚУЛ  тайёрлади.